
КИЧКИНТОЙ ДЎМБОҚ БЎЛСА…
- Категории: Go'daklik davri
- Название: КИЧКИНТОЙ ДЎМБОҚ БЎЛСА…
- Дата релиза: 15-02-16, 22:54
КИЧКИНТОЙ ДЎМБОҚ БЎЛСА…
Ёш бола вазнининг меъёрдан ортиши улар
соғлиғи билан боғлиқ муаммоларни
келтириб чиқаради. Бунинг оқибатида
ҳатто юрак қон-томир касалликлари
пайдо бўлиши, моддалар алмашинуви
бузилиши ва қонда қанд миқдорининг
ортиши рўй беради. Илк ёшдаги
болаларда семизлик ривожланишининг
бир қанча сабаблари бор.
Биринчидан, оилада ота ёки она тўладан
келган бўлса фарзандларда ҳам
семизликка мойиллик кузатилади.
Иккинчидан, болани гўдакликдан
тартибсиз ва кўпинча мажбурлаб
овқатлантириш кейинчалик семизликка
олиб келади.
Учинчидан, бола ошқозонининг
физиологик ҳажми 200-250 мл. бўлиб, у
шунча миқдордаги овқатни егандан сўнг
унда тўйиш ҳисси пайдо бўлади. Агар
кичикликдан у пала-партиш
овқатлантириб келинган бўлса, бола
меъдаси талаб қилганидан кўпроқ овқат
ейишга ўрганади ва вазни тўлиша
бошлайди.
Тўртинчидан, ҳозирги вақтда болалар
туғилганидан то мустақил юриб кетгунга
қадар камҳаракат бўлишади, яъни уларни
катталар доим болалар аравачасида олиб
юришади, бунинг эвазига уларда
семиришга имконият яратилади.
Хуллас, кичкинтойнинг семириб кетиши
саломатлик учун хавфли ҳисобланади.
Чунки семираётган кичкинтойнинг
танасида ёғ йиғила боради. Шундан сўнг
унда иммунитет пасайиши, ташқи
таъсирларга чидамсизлик, гавда ҳолатида
нуқсонлар пайдо бўлиши кузатилади.
Бундан ташқари, семиз болакайлар ўта
дангаса бўладилар, кам ҳаракат қилиши
сабабли танасида қон айланиши
ёмонлашади, кундалик ҳаёт тарзи билан
боғлиқ муаммолар юзага келади.
Оналар шуни унутмасликлари керакки,
фарзандининг вазни меъёридан орта
борса, албатта зарур чора-тадбирларни
кўришлари шарт.
Бу борада маслаҳатларимиз қуйидагича:
— кичкинтойга сабзавотлардан салатлар
тайёрлаб едиринг;
— ширинликларни камроқ берганингиз
маъқул;
— зираворли таомлар бола иштаҳасини
очади, шунинг учун кичкинтой овқатига
зираворлар қўшмаган маъқул;
— таомлар ёғсиз қатиқ, шакари камроқ
компот ва мева пюрелари билан
биргаликда едирилса, натижа ижобий
бўлади;
— ҳар куни эрталаб болани бадантарбия
қилишга одатлантиринг;
— миллий ҳаракатли ўйинлар билан
шуғулланиб турса, янада яхши.
Умуман, болалар семириб кетмаслиги учун
оналар уларнинг кундалик
овқатланишларини назорат қилишлари
керак. Нордон, аччиқ таом ва
ширинликларни дастурхонга қўймаган
маъқул. Боланинг овқатлари ёғда кўп
қовурилмаслиги, буғда димлаб ёки сувда
қайнатиб пиширилиши лозим.
Кўрилган чора-тадбирлар наф бермасдан,
боланинг вазни оша борса, албатта,
эндокринолог шифокор билан
маслаҳатлашиш керак.
Абдуваҳоб Тоҳирий,
Тошкент врачлар малакасини ошириш
институти катта ўқитувчиси
“Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш”
газетасидан олинди.
Manba: tib.uz
Смс Шерлар