Daxshat

Daxshat

  • Категории: Qo'rqinchli Voqealar
  • Название: Daxshat
  • Дата релиза: 21-02-16, 19:24
Daxshat
Мақсуднинг Томскка келганига тўрт ой бўлган бўлса ҳам тайинли бир ишнинг бошини тутолмади. Дастлаб у қурилиш бригадасида уч ой ишлади, аммо иш ҳақини ололмай меҳнатига куйиб қолаверди. У билан бирга ишлаган йигитларнинг айримлари бошқа шаҳарларга, айримлари эса бир амаллаб уйларига кетиш учун поездга билет олишди. Бу ёғи ёз ҳам охирламоқда. Мақсуд эса кетолмади, кетолмасди ҳам. Чунки у ёқда у тайёр ишини ташлаб келган, мактабда ишлашни истамаганди. Энди қайси юз билан қишлоққа кириб боради, ҳамкасбларининг кўзига кўча- кўйда қандай қарайди. Ахир, Россияга борсам, бир-икки йилда машинали бўлиб келаман деб катта гапириб қўйган жойлари бор-да. Ҳали машина олиш тугул, мундоқ бир тузукроқ пул жўната олгани йўғ-у, икки қўлини бурнига тиқиб кириб борадими уйига. Шериклари тирқираб кетишиб бир ўзи қолгач, нима қилиб бўлса ҳам бирорта иш топиш учун бормаган жойи, учрамаган қурилиш ташкилоти қолмади. Тўғри, иш кўп, аммо Мақсуд ишга киролмайди, сабаби шуки, у на бирор яшаш жойида рўйхатдан ўтган, на ишга кириш учун рухсатномаси бор. Аввалги иш жойида уларни ишлатган киши, ҳатто уларнинг паспортларини ҳам вақтинча яшаш учун рўйхатдан ўтказмаган, ишлашга рухсатнома олиб бермаган эди. Мана энди Мақсуд кўчада қолди. Яшаб турган квартирасидан ҳам хўжайин бир- икки куннинг ичида чиқиб кетишини талаб қилиб қўймаяпти. Узоғи билан уч кун ичида у ўзига бошпана топиши керак. У сигарета олиш учун универмагга кирди. Сотувчига пулини тўлаб чиқаётган пайтда универмагга йигирма беш ёшлардаги йигит кириб келаётганини кўрди. Унинг ўзбеклигини билиб Мақсуд иккиланиб тўхтади. Бир кўнгли шу йигитдан бирор ёрдам сўрасаммикин деса, бир кўнгли буни рад этарди. Ниҳоят, ўйлана-ўйлана шу йигитдан ёрдам сўрашга қарор қилди. Ҳар қалай ўзбек-ку, қўлидан келса ёрдам берар. - Ассалому алайкум, ака, ўзбекмисиз?- йигитнинг гапидан Мақсуднинг кўнгли тоғдай бўлди. - Ваалайкум ассалом, ўзбекман, ука, ўзбекман. Иккови бир зумда апоқ-чапоқ бўлиб кетишди. Йигит харид қилиб бўлгунча Мақсуд у билан гаплашиб, унинг Фарғонадан эканлигини, исми Комилжон, шу ерда икки йилдан буён паррандачилик фабрикада ишлаётганини билиб олди. Очиқкўнгилгина бу йигит Мақсуднинг кўнглига нимагадир тез ўтиришди. Иккови суҳбатлашиб магазиндан чиқишар экан, Мақсуд Комилжонга бошидан ўтганларини қисқа қилиб айтиб берди. - Энди уйга кетишга ор қиламан, ука қанийди бирор иш топилса-ю, сал ўзимни ўнглаб, пул-мул жўнатиб, иннайкейин борсам уйга. - Битта жой бор-у, сизга тўғри келармикин, — пича ўйланиб туриб деди Комилжон, — тўғриси, ўзим бориб кўрмаганман у жойнинг қанақалигини, аммо икки-учтаси у ерга боришди-ю, тез орада жуфтакни ростлашди. Шунинг учун сизга айтмай тургандим. - Қанақа жой бўлса ҳам бўлаверади. Ҳақини берадими, ишқилиб? - Ҳақини вақтида тўлайди, ойига ўн беш минг рубль беради. Ўзи бизнинг хўжайинни дала ҳовлиси, аммо ҳозир айтганимдай, у ердаги шарт- шароитни билмайман, кўзим билан кўрмаганман. Анчадан буён хўжайин одам топиб бер дейди-ю, ўзим кўрмаган жойнинг кафиллигини олишга қўрқаман. - Жон ука ўша жойни менга гаплашиб беринг. - Бўпти, лекин ўзингиз бориб, кўриб, у ёқ-бу ёғини суриштириб оласиз-да, кейин мендан ўпка қилиб юрманг. - Э, бўлди, ука. - Баҳоргача ишлаб турсангиз, ўрин бўлиши билан ўзимизга ишга ўтиб оласиз. Мақсуд Комилжон билан бориб унинг хўжайинига учрашди. Ўзини Игорь Крутов деб таништирган бу одам анчагина одамохун экан. Бирпасда дала ҳовлиси ҳақида, у ерга борган одамлар хилватроқ жой бўлгани учун қўрқоқлик қилиб кетиб қолишаётгани ҳақида гапирди. Мақсуд унинг гапига кулди. - Сен ҳам ўн кун турмай кетиб қолмайсанми? — сўради Игорь Сергеевич. - Йўқ, мен баҳоргача туриб бераман, — ваъда берди Мақсуд. - Кўрамиз. Агар баҳоргача дала ҳовлини қараб берсанг, иш ўрни бўлиши билан сени бу ерга ишга қабул қиламан. Игорь Сергеевичнинг дала ҳовлиси ростдан ҳам Томскнинг роса чекка бир жойида экан. Машинада ўзиям роса бир соат юришди. Ўрмоннинг шундоққина чеккасида жойлашган дала ҳовли дид билан солинган, тўрт хонадан ташқари, душ, ошхонадан иборат эди. Бундан ташқари, олти сотихча томорқаси, яна икки сотихча жойда иссиқхона ҳам бор экан.- Мана шу ерни тоза ва озода тутсанг, иссиқхонага помидор, бодринг ва кўкатлардан экиб бизни таъминлаб турсанг, бўлди. Иш ҳақингни вақтида оласан. Мана сенга олдиндан аванс,- Игорь Сергеевич унинг қўлига етти минг рубль тутқазди. Мақсуд бунинг беш мингини дарров уйга жўнатаман, деб кўнгиллаб қўйди. Хўжайин унга у-бу ишларни тушунтириб, ҳовли билан таништирди-да, ярим соатлардан кейин жўнаб кетди. Дала ҳовлида ёлғиз ўзи қолгач, Мақсуд атрофни айланиб чиқди. Яқин-атрофда ҳам дала ҳовли бормикин, деб ташқарига чиқди. Лекин теваракда ҳали қуриб битказилмаган чала иморатлардан бошқа уй кўрмади. «Демак, бу ерларга янги дала ҳовлилар солиняпти экан-да», — ўйлади у. Бундай шинамгина жойнинг топилганидан у жуда хурсанд эди. Иш жойи шу ерда, ётоқ ҳам шу ерда. Бундан ортиқ шароит бўладими. Комилжонни учратгани учун ўзида йўқ хурсанд эди. У атрофни бир қур кўздан кечириб чиққач, хўжайин қолдириб кетган масаллиқлардан кечки овқат тайёрлашга киришди. Уйчада ўзи учун керакли ҳамма нарса бор экан. Озгина гўшт билан картошкани қовуриб еб олди- да, хоналарни супуриб, ювишга киришди. Ишга берилиб кетиб вақт ўтганини ҳам билмай қолди. Ишини тугатиб соатга қараса, тунги ўн бир бўлибди. Ювиниб келиб ўрнига кириб ётувди ҳамки, ташқарида, иссиқхона томонда бир нима гумбурлаб кетди. Мақсуд сакраб ўрнидан туриб кетганини ҳам билмай қолди. Фонарни олиб югуриб ташқари чиқди. Аммо ташқарида ҳеч нарсани илғамади. Ҳамма ёқ осуда эди. У яна кириб ётди. Қотиб ухлаб қолган Мақсуд дупур-дупур қадам товушларидан уйғониб кетди. Соат тунги учни кўрсатиб турар, ташқарида гуррос-гуррос одамлар у ёқдан-бу ёққа югуриб ўтишар, нималардир ағдарилар, кимлардир инграрди. Мақсуд апил-тапил югуриб ташқарига чиқди. Қўлидаги фонарни томорқага тутди-да: - Ким у?! — деб қичқирди. Аммо ташқарида ҳеч ким йўқ эди. Ҳамма ёқ сув қуйгандай жим. «Қаттиқ чарчаганимдан алаҳсирабман, шекилли»,- деб ўйлади у ўзича ўрнига ётар экан. Эрталаб лоҳас бўлиб уйғонди. Ўрнидан туриб ювиниб келгач, ўзига нонушта тайёрлади. Иштаҳасизлик билан бир-икки луқма еди- ю, ташқарига чиқиб ишга уннади. Аввал йўлакларни супурди, кейин иссиқхонага кириб ерларни хас-чўплардан тозалади. Уруғ сепиш учун жой ҳозирлади. Ўзича чамалаб, кечгача бу ишларни битириб қўяман, деб ўйлади. Бирор соатлардан кейин ишга шу қадар берилиб кетдики, вужудидаги лоҳаслик ҳам тарқаб, ўзини тетик ва бардам тутиб тушликкача анча ерни уруғ сепишга ҳозирлаб қўйди. У қорни очиб чанқай бошлагандагина ўзига тушлик тайёрлаш учун ошхонага кирди. Тушликдан кейин яна ишга уннаб кечқурунги воқеаларни эсидан чиқарди. Кеч кириши билан нимагадир кўнгли хижил бўлиб эринибгина овқат тайёрлади. Тузукроқ тамадди қилгани ҳам иштаҳаси бўлмай деразага қараб кавшаниб ўтирди.

Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: