Главная » Futbol yangiliklari » Бразилия vs Германия: Финал олдидан финал ёҳуд Неймарсиз мезбонлар юта олишадими?
Бразилия vs Германия: Финал олдидан финал ёҳуд Неймарсиз мезбонлар юта олишадими?

Бразилия vs Германия: Финал олдидан финал ёҳуд Неймарсиз мезбонлар юта олишадими?

  • Категории: Futbol yangiliklari
  • Название: Бразилия vs Германия: Финал олдидан финал ёҳуд Неймарсиз мезбонлар юта олишадими?
  • Дата релиза: 08-07-14, 18:24
Бразилия vs Германия: Финал олдидан финал ёҳуд Неймарсиз мезбонлар юта олишадими?
Бугун Бразилия давлатининг Бело-Хоризонте шаҳридаги “Эстадио Минейро” стадионида бутун дунё орзиқиб кутаётган ўйинлардан бири бўлиб ўтади.

Унда мундиалнинг икки фаворити ҳисобланган майдон эгалари - Бразилия терма жамоаси Европа гранди бўлган Германия терма жамоасига қарши тўп суради.

Жаҳоннинг беш карра чемпиони бу сафар Неймарсиз ўйнашига тўғри келади ва улар финалга йўлланма олишлари учун ўзларида янги куч топишлари талаб қилинади. Хабарингиз бор, Неймар Колумбия термасига қарши ўйинда умуртқа поғонасидан қаттиқ жароҳат олиб, 6 ҳафтага футболдан ташқарида қолганди. Ҳаттоки маълум вақт ичида шифокорлар унга юришни ҳам таъқиқлаб қўйишди.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, мезбонлар финалга йўл олишса, Неймар оғриқни қолдирувчи укол ёрдамида ўйнаши тахмин қилинмоқда. Бугун Неймарнинг ўрнини Виллиан, Бернард, Оскар ёки Хернанеслардан бири тўлдиришига тўғри келади. Боз устига терма жамоа сардори Тиаго Силва ҳам ўтган ўйинда иккинчи сариқ карточка олгани учун мазкур ўйинни ўтказиб юборади. Катта эҳтимол билан унинг ўрнини Мюнхеннинг “Бавария” клуби марказий ҳимоячиси Данте эгаллайди.

Бразилия ва Германия термалари жаҳон чемпионати тарихида фақатгина бир марта (2002 йили) учрашишган ва ўшанда Жаҳон Чемпионлари 2-0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Ўша ўйинни Бразилияни чемпион қилган Сколари яхши эсласа керак.

Чорак финал ўйинларига тўхталар эканмиз, Германия рақиби Францияга қарши жуда ишончли ўйин кўрсатиб, ҳеч қандай имкон қолдирмаганини ёд олишимиз кифоя. Бундестим айниқса, қарши ҳужумларда бир неча бор гол уриш имкониятига эга бўлди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади. Зеро, бугунги ўйингача Йоахим Лев шогирдлари айнан шунинг устида ишлаган бўлса ажаб эмас. Ваҳоланки, бразилияликларнинг ҳимояси қарши ҳужумда жуда хатоликларга йўл қўймоқда.

Бразилияликлар сўнгги ўйинда Колумбия аъзоси Хуан Зуниганинг Неймарга етказган жароҳатидан сўнг, ўзларининг юлдуз ўйинчисидан айрилиб қолишди. Гарчи, айримлар Неймарнинг маҳоратига шубҳа остига қараётган бўлсада, унинг мундиалдаги хатти-ҳаракатларига кўз юмиб бўлмайди. Бразилия лагерида иккита ёмон хабар (Тиаго Силва ва Неймарнинг ўйнамаслиги) ва битта яхши хабар (Луиз Густаво сафга қайтди) бор.

Немислар эса, бугунги ўйинга йўқотишсиз келишган. Лев бугунги ўйинда Томас Мюллерни Марcело ёки Давид Луизга қарши қўйиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Мюллернинг ўша амплуада ўйнаши ҳужумни яхши кўрадиган футболчилар олдида хушёр бўлишни тайинлайди.

Бастиан Швайнштайгер Францияга қарши ўйинда жамоасининг мотори вазифасини бажарган эди. Бугунги ўйинда яна ўша ҳаракатларини қайтара олмаслиги учун “Тоттенхэм” ярим ҳимоячиси Луиз Густаво Бастианни ёпишга ҳаракат қилади. Оскар унинг ёнида рақибларга нисбатан янада кўпроқ босим ўтказиш учун ўйнайди.

Неймарнинг йўқлиги сабаб чап қанотга Халк ўтказилса, биз сўзсиз Халк - Лам дуэлини кўрамиз. Агар “Зенит” ҳужумчиси жамоасининг ғалабасига яхшигина улуш қўшишига хоҳласа, у ҳолда бугун борини ташлаш керак бўлади.

Терма жамоаларнинг тахминий таркиби қуйидагича:

Бразилия (тактика, 4-2-3-1):
Цезар; Майкон, Луиз, Данте, Марcело; Густаво, Фернандиньо; Виллиан, Осcар, Халк; Фред.

Германия (тактика, 4-3-3):
Нойер; Лам, Хуммелс, Боатенг, Ховедес; Хедира, Швайнштайгер, Кроос; Ўзил, Мюллер, Гётце.

Бугун ўйин башорати ҳар қачонгиданда қийин. Шундай бўлса-да мен асосий вақт 1-1 ёки дурранг натижа билан тугаши ва пенальтилар сериясида немис машинасиниг қўли баланд келишини тахмин қилган бўлардим.

Яна бир бор таъкидлайман, бу ўйин олди башорат холос. Ҳақиқий натижасини эса, Ўзбекистон вақти билан тонг саҳарда гувоҳи бўламиз.

Эслатиб ўтамиз, 1998 йилдан буён мезбон мамлакат мундиалнинг финалигача этиб келмаган. Хўш, анъана давом этармикин ёки Бразилия финалга чиқадими?

Санъат Шарипов, Бразилиядан
Логин:
Пароль: