Главная » Yangiliklar » Матёқуб Матчонов ўзи ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди
Матёқуб Матчонов ўзи ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

Матёқуб Матчонов ўзи ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди

  • Категории: Yangiliklar
  • Название: Матёқуб Матчонов ўзи ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди
  • Дата релиза: 12-12-16, 16:18
Матёқуб Матчонов ўзи ҳақидаги миш-мишларга ойдинлик киритди
Ўзбек Драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов ҳақида сўнгги ойларда турли гап-сўзлар тарқалди. Актёрнинг ҳаётидаги қора чизиқларни эса ҳамма ўзича баҳолаб, хулоса қилишга ҳам улгуришди. Аммо қўлимизда аниқ маълумотимиз бўлмагани учун биз ёзмадик. Чунки бир кун албатта актёрнинг ўзи билан кўришиб, вазиятга аниқлик киритишимизга ишонардик. Мана ўша кун ҳам етиб келди. Бугун Матёқуб Мачонов “Даракчи” газетаси меҳмони! У билан суҳбат давомида сўнгги тўрт ой ичидаги воқеалар, кечинмалар ва албатта келажак ҳақида сўз юртидик...

— Сизни кўрганимиздан хурсандмиз.

— Мен ҳам! Биласизми, суҳбатимиз аввалида, бир гапни алоҳида таъкидлашни истардим. “Даракчи” газетаси ва “Менинг юртим” телеканали ўтган тўрт ой ичида мени руҳан қўллаб-қувватлаб турган дўстларим қаторида бўлишди. Чунки иштирок этган фильмларим ҳақида маълумотлар, суратга олинган картиналарнинг намойишини тўхтатишмаганини эшитдим. Бунинг учун алоҳида раҳмат айтаман.

— Шу ўринда бўлиб ўтган воқеаларни ўзингиздан сўраб, аниқлик киритсак дегандик...

— Инсон барибир ўзи билмаган ҳолда хатоларга йўл қўяр экан. Айтмоқчиманки, кўнгилчан, ишонувчанлик билан панд ер эканмиз. Мен ҳам вазият қурбонига айланиб қолдим. Санъатдан бўш вақтимда тадбиркорлик билан шуғулланиб, бировларга ишониб қолган эканман. Алдандим. Лекин мени таниган, ҳурмат қилган ва мухлислик қилганларни уялтириб қўядиган иш қилмаганман. Асосийси, мен Ватанимга, оиламга ва халқимга ҳеч қачон хиёнат қилмаганман, қилмайман ҳам. Буни баралла айта оламан. Бўлиб ўтган воқеаларга эса батафсил тўхталиб ўтишни истамасдим... Тўрт ой ичида ўзимдан ўтганини ўзим билдим, бу мен учун бир умрга таътигулик мактаб бўлди. Мени шу куйга солганларга эса айтар гапим йўқ. Ҳамманинг ўз виждонига ҳавола.

— Яхши-ёмон кунларда дўстлар сараланади, дейишади...

— Балки... Лекин менинг вазиятимда дўстларим сараланиб, камайгани йўқ. Аксинча уларнинг сони ортди. Шу кунгача севимли эканлигимни, дўстларим қаттиқ қадрлашини билмаган эканман. Ўтган вақт давомида ҳамкасбларим, яқинларим, шогирдларим куч бағишлаб туришди. Бунинг учун уларга миннадорчилик билдираман. Ҳукуматимиз томонидан эълон қилинган амнистия сабаб озодликка чиқдим. Бунинг учун ҳукуматимизга ҳам алоҳида ташаккур айтаман.

Бироқ бўлган вазиятни билиб-билмай баҳолаб, обрўимга путур етказмоқчи бўлганлар ҳам топилди. “Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди” деганларидек, мана ёруғ кунларга ҳам чиқдим. Улар эса ўша заҳоти ниқобларини ўзгартириб, мендан узр сўрашга шошилишди. Ортимдан туҳмат-бўҳтон қилиб, кейин кечирим сўрашнинг нима кераги бор? Тўғрими?

— Оғир кунларда ишонч бағишлаган нарсалар ҳақида гапирсангиз...

— Ҳар бир актёр роль ижро этар экан, ижоди орқали томошабинларга ниманидир етказмоқчи бўлади. Мен ҳам бу соҳада қилишим керак бўлган ишларим кўплигини, мухлисларга айтиб улгурмаган гапларим борлигини юракдан ҳис этиб турдим. Ижодда бироз танаффус қилган бўлсам-да, лекин фикр-у хаёлим фақат ижодда бўлди. Бир-иккита сюжжетлар ҳам ўйлаб қўйдим. Ижодкор эканлигим менга руҳан куч бағишлаб турди. Томошабинлар олдида “қарзим”, айтадиган гапим жуда кўп. Уларни етказиш учун ўзимни тўлақонли ижодга бағишлайман.

— Инсон ҳар қандай ёшда қайта тарбияланиши мумкин, дейишади...

— Аслида, инсон туғилгандан, то қабргача ўзини ўзи тарбиялаб, илм ўрганим бораверади. Мен ҳам бундан мустасно эмасман. Бўлган вазиятда қайта тарбияландим, лекин умуман бошқа инсонга айландим демайман. Чунки мен ўша-ўшаман. Ўзимга керакли хулосалар чиқардим холос.

— Озодликка чиқиб, биринчи ўринда нима ҳақида ўйладингиз?

— Набираларимни жуда соғинган эдим. Улар билан тезроқ учрашишни ўйладим. Иккинчи ўринда эса чала қолган ижодий ишларимиз борлигини, менинг айбим билан қолиб кетган фильмларни якунлаб қўйишим кераклигини ўйладим. Шунинг учун ҳам икки кун оилам даврасида ўтириб, кейин ишга шўнғиб кетдим.

— Қандай ижодий ишлар билан бандсиз? Нималарни режалаштиряпсиз?

— Жаҳонгир Аҳмедов билан ҳамкорликда суратга олинаётган фильмни якунлашимиз керак. Тез кунларда тасвирга олиш жараёнини давом этирамиз. Премьерадан сўнг баҳо берасиз. Бундан ташқари театрда бир нечта спектаклларни саҳналаштиришни режалаштирилганмиз. Булардан бири, “Фаришта” асарини йигирма дақиқалик спектакль кўринишида саҳнага олиб чиқдик. Режиссёр сифатида, ушбу асар орқали томошабинларга тарбиявий аҳамиятга эга воқеани кўрсатиб бермоқчиман. Яъни, мол-дунё топаман деб яқинларидан жудо бўлган бош қаҳрамон воқеаси кўпчиликка ўрнак бўлади деб ўйлайман.

— Кино соҳасида ҳам режиссёрликка қўл уриш ниятингиз борми?

— Мен учун кинода режиссёрлик қилишдан кўра роль ўйнаш завқлироқ. Янада очиқроқ айтадиган бўлсам, фильмда режиссёрлик қилишдан қўрқаман.

— Томошабинларнинг танқидий муносабати чўчитадими, ёки...

— Йўқ-йўқ! Мен актёр сифатида эътибор қозонган ижодкорман. Агар мен суратга оладиган фильмим, ролларимдан кўра пастроқ даражада бўлса, биринчи навбатда ўзимни ўзим кечиролмайман. Иккинчидан эса, бу соҳада ўқимасдан, унинг сир-асрорларини билмасдан ишга киришиш нотўғри деб биламан. Тўғри, режиссёрлик қилаётган бир неча актёрларни мисол қилишингиз мумкин. Бироқ мен яхши ва савияли фильмлар тарафдориман. Бундан ташқари юқорида айтганимдек, менинг актёр сифатида айтадиган гапларим жуда кўп.

— Бугунги режиссёрлар актёрларни тақсимлаб олгандек? Масалан, сизни ҳам Жаҳонгир Аҳмедов киноларида кўп кўрамиз?

— Ҳамманинг ўз актёри бор деган гапга қўшилмайман. Шахсан мен бошқа режиссёрлар билан ҳам ҳамкорликда ишлайвераман. Рустам Саъдиев, Абдувоҳид Ғаниев, Баҳром Ёқубовлар гапимга мисол бўла олади. Лекин Жаҳонгир билан нисбатан кўпроқ ишлаймиз. Сабаби, дунёқарашимиз бир-бирига жуда яқин. У чапани, беғубор ва ўта самимий инсон. Мен ёшлигимда унга ўхшардим. Жаҳонгир ҳам ёши ўтган сайин табиати ва ҳаётга қарашларини меникига ўхшаб қолса керак. Балки шунинг учун ҳам у билан кўпроқ ишласак керак. Режиссёр ва актёр сифатида ғояларимиз ҳам жуда ўхшайди. Бу эса ўз-ўзидан ҳамкорликни осонлаштиради.

— Юқорида набираларингизни тилга олдингиз. Улар ҳақида ҳам гапириб беринг.

— Улар менинг борлиғим, жону жаҳоним! “Ўригидан данаги ширин” деб бекорга айтишмас экан. Чунки болаларимиз ёшлигида биз ҳам ёш эдик. Иш билан бўлиб уларга кўп вақт ажратолмаганмиз. Фарзандларимизнинг болалиги тез ўтиб кетган. Ёш ўтган сайин дунё қараш ўзгараркан. Кўз ўнгимизда югуриб юрган набараларимизга болаларимизга беролмаган меҳримизни бергимиз келади. Улар билан ўтган ҳар бир дақиқани қадрига ета бошларкан киши. Бундан тақшари ака-укаларимиз билан қўшни бўлиб яшаймиз. Уларнинг набираларини ҳам ўзимникидек кўрамиз. Улар ҳам мени бобо деб чақиришади. Айниқса, ўзингиздаги қайсидир феъл-атворни, инсоний жиҳатларни уларда кўрсангиз, борми? Ич-ичингиздан роҳатлана бошлайсиз. Бу ҳис-туйғуларни сўз билан ифодалаб, тушунтириб бериш жуда қийин.

Матёқуб Матчонов билан суҳбатлашиб унинг ролларидаги кўплаб образлари каби самимий, очиқкўнгил эканлигига амин бўлдик. Актёрнинг режалаштирган барча ишлари амалга ошишини ва кўзларидаги меҳр, сўзларидаги самимийлик уни ҳеч қачон тарк этмаслигини тилаб хайрлашдик...

Алия СУЛАЙМАНОВА
Фотомухбир Ислом РЎЗИЕВ
Логин:
Пароль: