РАЙҲОН СИРЛАРИНИ КИМГА ИШОНАДИ?
- Категории: Yangiliklar
- Название: РАЙҲОН СИРЛАРИНИ КИМГА ИШОНАДИ?
- Дата релиза: 12-02-16, 23:04
Ҳар йили минглаб ёшлар кутадиган бир шоу-концерт бор. Бу шоу бир неча йилларки, ўз рейтингини энг юқори даражада ушлаб келади. Муҳташам саҳна декорацияси, ажойиб либослар, бир неча шоу-балет, юзлаб чироқлар, кутилмаган саҳна кўринишлари, профессионал режиссёрлик иши... Ҳа, англадингиз! Бу сифатлар, сўссиз, Райҳоннинг концертларига тегишли! Февралнинг 5 куни ёдингизда қолади. Ахир, салкам 300 кундан бери тайёргарлик ила пишаётган янги дастур яна ҳайратлар улашишга ҳозирланмоқда! Бугунги эксклюзив суҳбат Райҳоннинг нафақат ижод олами, балки унинг қалб дунёсига ошно этади.
-Йил давомида ўнлаб концертлар ўтади. Бироқ, Райҳоннинг шоусини унинг мухлислари ҳаяжон билан кутади. Қизиқ, бу йил “Шоулар Қироличаси” янги концертида нималар билан томошабинларни ҳайратга солади?
-Хабарингиз бор, хар куни репетиция. Жараён ўтган йилдан бошланди. Концерт – бу масъулият. Ҳар йили тажриба ортгани билан масъулият камаймайди. Яхшидан яхши қилиш керак. Томошобинга янгидан янги нарса керак. Мен эса балл йўқотишни истамайман. Яратган ижод берсин, куч берсин дейман. Ўтган йил концертимни тақдим этгач, янги шоу ҳақида ғоялар туғила бошлади. Уларни секин-аста бойитиб, ёз ойидан бошлаб, феврал концертларимга киришиб кетдик. Ижодий жамоа олдидаги биринчи савол: нима билан ҳайратга солиш мумкин? Нимадир ўйлаб топдик. Хулоса эса шундай бўлди: йўқ, буни қилганмиз. Яна янгилик топгандек бўлдик. Йўқ, уни ҳам амалга оширганмиз...Хуллас, бошга келган ҳар янги ғоя аслида ўтган концертларимда такрорланган бўлиб чиқаверди. Янги шоу томошабин учун янгилик бўлиши керак! Ва уни топдик ҳам! Эски оммабоп қўшиқларимга янги нафас бердик. Мусиқий янгиланиш! Вокал бўйича кўп шуғулландим. Чунки, бу йилги дастуримда кўп қўшиқларимни жонли куйлайман.
-Кўчада қор. У нимани эслатади сизга?
-Бизни тарк этганларни эслатади... Бир томондан шукрона ҳисси туғилади. Йўқотганларим аслида ҳаётимда бўлгани учун! Ширин хотиралар ва ёруғликдир, қор! Фарзандларимга қорни кўрсатаман. Қувонч, бахтни туямиз.
-Ўтган йил ҳаётингиздаги энг эсда қоларли воқеалар нима бўлди?
-Ҳаммаси фарзандларим билан боғлиқ. Уларнинг илк қадам босганини кузатиш нақадар ёқимли! Бу бахтли лаҳзаларни фақат ота-оналар тушунади. Истанбулдаги муваффақиятли ўтган концертларим ҳам эсда қоларли бўлди. Ўзбек хонандаларининг дунё саҳналарида олқиш ила кутиб олинаётгани қувонарли ҳол.
-Сўнгги пайтда сизни нима йиғлатди?
-Бундай саволни олдин бергансиз.
-Дунё ҳаётидаги салбий ўзгаришларга қарши бир санъаткор сифатида қандай курашишингиз мумкин?
-Айнан шу борада янги қўшиқ куйлашни режалаштирганмиз. Биз санъаткорлар сиёсатчилардан фарқли ўлароқ, бу борада қўшиқ орқали қандайдир ҳисса қўшишимизга умид қиламан. Худога шукур, биз шундай мамлакатда яшаяпмизки, фарзандларимиз осуда тун бағрида ухлаб, кулиб турган қуёш меҳри ила уйғонмоқда. Ҳар бир ватандошимиз ўз севимли касби билан шуғулланиб, юрт фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бундай ёрқин ҳаёт бахтдан жўшиб куйлашга замин яратади!
-Имижингиз ўзгармоқда... Айниқса, сочингиз ранглари. Нимага қараб ўзгаргингиз келади?
-Сочларим ранги ўзгарар, бироқ, ташқи кўринишимни, юзимни ўзгартириш истагим йўқ. Имижим ўзгаришини - мухлисларимга зерикарли кўрингим келмаслиги билан изоҳлайман.
-Ҳар доим бир хил - озғингинасиз. Бундай сарвқоматликнинг сири нимада?
-Ширинликлардан тийиламан. Спорт залда вақтим кўпроқ ўтади. Ўзимга эътиборли бўлишимда томошабинлар куч беради. Агар севимли ишим бўлмаганида, вазним 100 кгдан ошим кетарди. (Кулади).
-Саҳнадаги Райҳон тўйлардаги Райҳондан фарқ қилади. Нега тўйларда рақсга тушмайсиз?
-Тўйларда ҳам рақсга тушаман. Бироқ, жой кичиклик қилади. Ҳаракатланишга қулай либосда бўлмаймиз ҳам. Бироқ, тўйдаги оммага имкон қадар энергия беришга ҳаракат қиламан.
-Кўп ҳамкасбларингиз янги одат чиқарган: яккахон концерт берганидан кейин гонорарини оширади. Сиз-чи?
-Узоқ йиллардан бери гонорарим бир хил. Юқорида сиз айтмоқчи бўлган боғлиқликни мен тушунмайман. Чунки, концерт - бу концерт. Уни гонорарни оширишга умуман даҳли йўқ.
-Янги баннерларингиз тилга тушди. Антиқа сурат! Ким ўйлаб топди?
-Асосий ғояни фотосуратчи Светлана берди. Фотожамланмани августда яратдик. Фан-клубим ҳам бу борада сўради. Нима демоқчи бўлдингиз деб. Мона Лиза яратилганида, Да Винчига “Жоконда” орқали нима кўрсатгансиз деб савол беришмаган деб ўйлайман. Шундай экан, баннердаги қиёфамдан ҳар бир мухлис ўзига керакли ниманидир топишини ва ўз дунёқараши билан тушуниб олишини истайман.
-Энг содиқ фан-клуб сизда. Сиз ҳам қайсидир хонандага шунлай садоқатда бўлганмисиз?
-Майкл Жексон мусиқаси, инсоний позицияси ҳамиша ўзига ром этиб келади. Қўшиқларидан эзгулик уфуради.
-Концертингиз бош тематикасини аниқлаб олдингизми?
-Албатта. Халқимиз, миллатимиз ҳақида кўпроқ куйлайман. Аждодларимиз билан фахрланамиз. Ўсиб келаётган янги авлодлар ҳам бугунги инсонлар билан фахрланишини истайман. Миллат айирмайман. Мен учун икки тоифа одамлар бор, холос. Яхши ё ёмон. Умуман, дунёдаги турли миллат эгаларига боқиб, бир хулоса қилиш мумкин: ўзбеклар барибир бошқача! Концертимдаги бош тематика – миллатимизга хосликдир!
-Малика Дианадан энг катта орзуси ҳақида сўралганида, у “Қалблар маликаси” бўлиш – энг катта нияти эканлигини айтганди. Энг катта орзуингиз?
-Менда иккита орзу бор. Мусиқам инсонларни яхшиликка чорласин. Фарзандларим бахтини кўриш. Йўқ, яна бир орзуим бор. Учинчиси! Дунё тинч бўлсин! ТВни ёқишга қўрқиб қолганман. Айниқса, Еримизнинг айрим мамлакатларида болажонлар жабр кўрмоқда. Шунда зулмкорлар одам эмас деган фикрга бораман.
-Тележурналистлик ёқяптими?
-“Водий садоаси” радиосида “Love story” лойиҳасида радиобошловчилик ҳам қилганман. Камера олдида эса бошқача экан. Бу кўрсатув муҳаббат ҳақида. Машҳурларнинг саҳна орти ҳаёти жуда қизиқ. Уларнинг оиласи, ришталари, оддий ҳаёт тарзига доир гаплари кўплаб телетомошабинларга манзур бўлмоқда.
-Шоуларингиз энг катта сирли жиҳатларидан бири унда бир лаҳза ҳам пауза йўқ. Бундай мукаммал шоуга етишиш учун узоқ йиллар ва тинимсиз меҳнат сарфланди. Ва профессионал хонанда сифатида бугунги замон талабидаги шоулар ҳақида фикр беришга ҳақлисиз. Сизнингча, улар қандай бўлиши керак?
-Энг муҳими, ғоя. Ҳаммаси ғоядан бошланади. Концертларимга келсак, мен фақат саҳнадаги юлдуз эмасман. Концертнинг ҳар бир деталида иштирок этаман. Режиссёр ўзим. Хореограф эса менга кўмакдош. Костюмларимни ўзим ўйлайман. Шоу-балетга ҳам либосларни ўзим ўйлаб топаман. Чунки, ҳар бир ишда ўзинг қатнашсанг, натижага эришар экансан. Ҳар бир қўшиқ аранжировкасида ҳам ўзим ўтираман. Мен фақат куйлайман, ҳамма ўз ишини қилсин қабилида ишлай олмайман. Масалан, бир концертимдаги “Африка” блокига муносиб мусиқа танлашим учун 2000 дан ориқ трекларни эшитиб кўришимга тўғри келган. То томошабин кўнглига ёқадиган жараённи олдиндан ҳис қилмагунимча ўзим ҳам, бошқалар ҳам қайта ва қайта ишлашимиз шарт! Бу менинг қоидам!
-Фонограмма тўхтаб қолса, вазиятдан қандай чиқасиз?
-Ўтган йили концертим 70 фоиз жонли ўтди. Бутун чироқ ўчиб қолса, ҳаммаси тўхтайди. Бу чорасиз. Бироқ, мусиқачиларим саҳнада номига кўриниш бермайди. Устига-устак, микрофоним ҳам ишлайди.
-Жуда талантли раққосасиз...
-Хореографим катта танқидчим. У ўз устимда жуда кўп ишлашимга мажбур қилади. Қўлдан келганича ҳаракат қиламан.
-Ижтимоий тармоқларда “гап” ўйнаётганингиз ҳақида суратлар тақдим этаяпсиз. “Гап” нима беради?
-Сўнгги йилларда икки манзилим бор: иш ва уй. Қариндошларим, дўстларим мени йўқотиб қўйди. Бир ойда бир марта яқинларим юзини унутиб қўймаслик учун ҳам гап жуда асқотади. (Кулади). Суҳбатлашамиз, кулишамиз. Ана “гап” нима беради!
-Ким сизнинг энг яқин дўстингиз?
-Синглим Насиба ва Согдиана. 15 йилдан бери у билан дўстмиз.
-Дугонангиз Лоланинг ярим очиқ кийинишига, унинг ноодатий ўзгаришларига омма салбий муносатда. Сиз унга нималар деган бўлар эдингиз?
-Мен ўзим учун жавоб бераман. Балки, унда ҳозир шундай кафиятдир!? Биз у билан дугона эмас, ҳамксбларимиз. Шундай экан маслаҳат беришга ҳақли эмасман.
-Аёл санъаткорларнинг чўччайиб бораётган, сунъий шиширилган лабларига муносабатингиз?
-Бу замонавий ҳолат.
-Охирги пайтда ёлғизсиз. Ўз сирларингизни кимга ишонасиз?
-Синглимга.
-Куёвингизнинг қайси хислатларини қадрлайсиз?
-У оилапарвар. Ёш бўлишига қарамай жуда ақлли.
-Ўғилларингиз қўшиқларингизни тинглайдими?
-Миллий ва рақсбоп қўшиқларимни тинглашади! Оғир қўшиқларимдан улар зерикади.(Кулади).
-“Қаҳвангизга неча қошиқ шакар солишни биладиган” инсонни топа олдингизми? Ёлғиз аёлга суянадиган елка керак деган нақл бор...
-Йўқ... Бироқ, ҳаётимда ким бор ё нима йўқ, Худога шукур қиламан. Жуда бахтлиман. Ҳар қандай вазият бўлади. Куламан, йиғлайман... Бу ҳаёт. Унинг ранглари турфа. Ҳаммаси бир маромда кечса ҳам зерикарли бўлади. Мана, об-ҳаво ҳам ўзгариб туради. Қорнинг ўз ўрни бор, ёмғирсиз ҳам бўлмайди. Қуёш қадри булутли ва совуқ дамларда билинади. Борига шукур қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди.
-Кимларни соғинасиз... Собиқ эрингиз ё яна кимлардир...
-Йўқотиш – ҳам ўз ўрнида керак! Бу ҳаётда ниманидир ўргатади. Инсонлар ҳаётингга кириб келади ва кетади бир кун... Ҳар бир ҳолат янги бир сабоқ!
-Кимнидир чин юракдан севганмисиз?
-Албатта! Ҳаммадан олдин онамни қаттиқ севганман. У менга етишмаяпти. У менинг санъатга киришимга бошида қарши бўлганди. Бироқ, мендаги тиришқоқликни кўриб, ишонч ҳосил қилди. Ижодга илк қадамларимни онамнинг ишончи ила ташлаганман. Гоҳида мен ишончимни йўқотганимда ҳам онам каминага ишонишда давом этган.
-Ҳар бир оилада учраб турадиган моддий етишмовчилик сизни ҳам четлаб ўтмаган деб ўйлайман. У нимани ўргатди сизга?
-Пул – боқимандалик ва қарамликдан озод бўлиш имконини беради. Бироқ, пулга қул бўлиш яхши эмас! Моддий етишмовчиликлар туфайли мен инсонлар ўртасида бой ё камбағал деган фарқни туймайман. Юқорида айтганим каби ё яхши, ё ёмон одамлар бўлади. Чўнтагидаги пулига қараб одам ажратмайман. Чунки, ўз бошимдан анча нарса ўтган. Мен ҳеч қачон осон пул топмаганман! Фақат меҳнат, тинимсиз ҳаракат, Яратган тақдир этган йўл ила эришганман. Менга ҳеч қачон кимдир конвертга пул солиб, мана ишлат демаган. Бир бурда нонимни топишим учун шунчаки меҳнат эмас, ер чопганман! Бироқ, нолимайман. Ҳа, қийинчилик бўлди. Бироқ, бу менга берилган имконият! Қанча пул ишлаб топмай, “Искандарнинг очиқ кетган қўллари” ҳамиша ёдимда...
-Сўнгги пайтда ҳамкасбингиз Ди-джей Пилигрим йога билан шуғулланишга ва буддизмни ўрганишга қаттиқ киришиб кетди. Сизнинг доимий машғулотингиз нима?
-Мусиқа ва фарзандлар тарбияси.
-Севги “смс”ларини ҳам қабул қиляпсизми?
-Йўқ, ҳали келаётгани йўқ! (Кулади).
-Хитлар йўқ. Шоу бизнезда пессимизм бошлангандай...
-Радио эшитишга вақтим йўқ. Балки кўпчиликда ҳам шундайдир? Хит яратиш жуда мураккаб жараён бўлиб қолгандай. Миллий эстрада кучаймоқда. Замонавий эстрада ортда қолмоқда. Янги қўшиқни яратиб бўлгач, унинг оммалашишига умид қиламиз. Бироқ, натижа бошқача бўлиб чиқади. Боя айтганимдек, одамлар радио эшитмай қўйяптими ё ТВ кам кўряптими? Сабаблари номаълум...
-Шоунгизга чипта олганлар хурсандчилигини ижтимоий тармоқларда бўлишмоқда. Йиллар давомида шундай ҳурматга эришдингиз... Мана, тақдирнинг катта ё кичик мукофоти сизга!
-Мухлисларим ишончига муносиб бўлишга ва муносиб куйлашга ҳаракат қиламан. Муҳими, мусиқам заминнинг турли нуқталарида яшовчи инсонларни жамлаб, мухлислар сифатида менга яқин қилди! Улар учун куйлайвераман. То тирик эканман... юрак бериб, куйлайвераман!