Шавкат Мирзиёев: “Халқни рози қилмаган раҳбарлар билан ҳайрлашамиз”
- Категории: Yangiliklar
- Название: Шавкат Мирзиёев: “Халқни рози қилмаган раҳбарлар билан ҳайрлашамиз”
- Дата релиза: 15-12-16, 19:47
Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи
Ассалому алайкум, қадрли ватандошлар!
Муҳтарам Сенат Раиси ва сенаторлар!
Ҳурматли Спикер ва депутатлар!
Хонимлар ва жаноблар!
Аввало, сиз, азизларга, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизга мурожаат қилиб, менга юксак ишонч билдириб, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайлаган барча ватандошларимга чин қалбимдан яна бир бор миннатдорлик изҳор этишга ижозат бергайсиз.
Бугун, мана шу юксак минбардан туриб, юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакилларига, муҳтарам отахон ва онахонларимизга, мунис аёлларимиз, навқирон ёшларимизга самимий ташаккур билдираман. Юксак инсоний фазилатлар соҳиби бўлган, меҳнаткаш ва бағрикенг халқимиз олдида бош эгиб таъзим қилишни ўзим учун ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.
Сиз, азизларнинг, эл-юртимизнинг менга билдирган мана шундай юксак ишончини ўзим учун катта шараф ва улкан масъулият деб ҳисоблайман.
Ҳеч нарса билан қиёслаб, ўлчаб бўлмайдиган бундай олий ишончни оқлаш учун бор куч-ғайратим, билим ва тажрибамни, бутун борлиғимни бағишлашга ваъда бераман.
Менинг номзодимни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига кўрсатган ва бутун сайлов кампанияси давомида қўллаб-қувватлаган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг барча аъзоларига алоҳида миннатдорлик билдираман.
Шу билан бирга, муқобиллик асосида ўтган ушбу сайловларда иштирок этган Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси Ҳатамжон Кетмоновга, «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов ва «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши раиси Наримон Умаровга яна бир бор ўз ташаккуримни изҳор этаман.
Фурсатдан фойдаланиб, менга ўз табрик ва қутловларини йўллаган барча хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар етакчиларига, сиёсат ва жамоат арбобларига, шунингдек, сайлов жараёнида ва ҳар доим бизга хайрихоҳ бўлиб келган, бугунги йиғилишимизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг юртимиздаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига ўзимнинг чуқур миннатдорлигимни, чуқур ҳурмат-эҳтиромимни билдираман.
Қадрли юртдошлар!
Барчамизга маълумки, ҳар бир суверен давлат ўзининг бетакрор тарихи ва маданиятига эгадир. Бу тарих, бу маданиятнинг ҳақиқий ижодкори, яратувчиси эса, ҳақли равишда шу мамлакат халқи ҳисобланади.
Ўзбекистонимизнинг кўп асрлик тарихи ва кейинги 25 йиллик ривожланиш даври, ўз давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашга қаратилган тараққиёти бу ҳақиқатни яна бир бор яққол тасдиқлаб берди. Ана шу бунёдкорлик жараёнининг қудратли ва ҳал қилувчи кучи, ҳеч шубҳасиз, кўпмиллатли халқимиздир.
Ўзбек халқининг неча минг йиллик тарихида қандай мураккаб даврлар, оғир синовлар бўлганини барчамиз яхши биламиз.
Ўзбекистоннинг энг янги тарихи ва биз эришган оламшумул ютуқлар мард ва матонатли халқимиз ҳар қандай қийинчилик, тўсиқ ва синовларни ўз кучи ва иродаси билан енгиб ўтишга қодир, деб баралла айтишга тўла асос беради.
Биз аждодларимизнинг ёрқин хотирасини асраб-авайлаб, қалбимизда, юрагимизда абадий сақлаймиз. Букилмас ирода, фидойилик ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топишига бағишлаган устоз ва мураббийларимиз, замондошларимиз билан биз чексиз фахрланамиз.
Мен бугун Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва ҳаракатлар, жамоат ташкилотлари, бутун халқимизнинг саъй-ҳаракатларини Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, барчамиз учун азиз ва қадрли бўлган Ислом Абдуғаниевич Каримов бизга васият қилиб қолдирган ягона мақсад йўлида бирлаштиришга даъват этаман.
Бу олижаноб мақсад – изчил ва барқарор ривожланаётган, эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишдан иборатдир.
Бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга. Биз дунёдаги барча давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва амалий мулоқот учун очиқмиз. Бўлиб ўтган демократик сайлов жараёни бунинг яна бир ишончли ва яққол тасдиғи бўлди.
Сайловни кузатиш учун дунёдаги 5 та нуфузли халқаро ташкилот ҳамда 46 та давлатдан 600 нафарга яқин кузатувчи қатнашгани сизларга яхши маълум. Айниқса, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси биринчи марта юртимизга ташриф буюрди. Яъни, ушбу халқаро тузилманинг 32 та мамлакатдан келган 200 нафарга яқин вакили – бу албатта кичкина гап эмас – айнан демократик тамойиллар талаблари асосида сайлов жараёнини синчиклаб кузатиб борди.
Сайловда халқимиз ўзининг хоҳиш-иродасини, юксак сиёсий онги ва фаол фуқаролик позициясини ёрқин намоён этди. Бу, ўз навбатида, эл-юртимизнинг ўз тақдири ва келажагига қандай катта ишонч ва масъулият билан қараётганини яққол ифода этади.
Сайлов натижаларини биз аввало ватандошларимизнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинган стратегик тараққиёт дастуримизга берган холис ва ҳаққоний баҳоси, деб қабул қиламиз.
Сайлов сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат ва кураш, миллий қонунчилигимиз талабларига, сайлов бўйича умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўла мос ҳолда, эркинлик ва очиқлик руҳида ўтганини барча чет эллик кузатувчилар очиқ ва баралла таъкидладилар.
Куни кеча Марказий сайлов комиссияси ҳам ўзининг сайлов натижалари бўйича якуний хулосаларида шу ҳақиқатни яна бир бор қайд этди. Ҳеч шубҳасиз, бундай юксак эътироф, бундай юксак баҳо барчамизни қувонтиради.
Муҳтарам дўстлар!
Бугун мен Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажаришга киришар эканман, буюк давлат ва сиёсат арбоби, азиз устозимиз Ислом Каримовнинг ишларини давом эттирган ҳолда, 32 миллионлик катта халқ, катта мамлакатни бошқариш қанчалик масъулиятли ва мураккаб эканини, давлат раҳбари сифатида зиммамдаги жуда улкан жавобгарликни ҳар томонлама чуқур ҳис қилиб, англаб турибман.
Биринчи Президентимиз ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас ва ёрқин из қолдирди.
Буюк Юртбошимиз нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жаҳон миқёсида катта ҳурмат ва обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилган эди. Шунинг учун ҳам устозимизнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича минглаб юртдошларимиздан кўплаб таклиф ва тавсиялар келиб тушмоқда. Уларнинг барчаси айни пайтда атрофлича ўрганилмоқда ва бу борада алоҳида қарор қабул қилинади.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Бугун дунёдаги шиддатли глобаллашув шароитида, халқаро майдонда турли манфаатлар тўқнашуви кучайиб бораётган, жаҳон иқтисодий-молиявий инқирози давом этаётган кескин бир вазиятда Ўзбекистонга раҳбарлик қилишдек улкан масъулиятни зиммамга олаётган эканман, мен аввало кўпни кўрган, донишманд халқимизга, сиз, азизларнинг ёрдам ва кўмагингизга таянаман ва ишонаман.
Барчангиз хабардорсиз, сайлов арафасида мен сайловчилар ҳамда аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан кўплаб учрашув ва суҳбатлар ўтказдим.
Ана шундай очиқ мулоқотларда билдирилган амалий таклифлар, қонуний талаблар, уларни амалга ошириш учун кўрилган аниқ чора-тадбирлар, очиғини айтаман, мен учун яна бир катта ҳаётий мактаб бўлди.
Ана шу учрашув ва суҳбатларнинг якуний хулосалари мамлакат Президенти лавозимидаги ўта муҳим ва масъулиятли фаолиятимда мен учун дастурий қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Бугун замоннинг ўзи барчамизнинг олдимизга, биринчи навбатда, Ўзбекистон Президенти сифатида менинг олдимга янги ва ғоят масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Ана шу асосий вазифалар ҳақида бугун ушбу йиғилишимизда қисқача ахборот беришни ўринли, деб ҳисоблайман.
Биринчидан, биз муҳтарам Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов бошлаб берган кенг кўламли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар йўлини оғишмасдан, қатъий ва изчил давом эттирамиз.
Бу йўл – эркин, демократик, инсонпарвар давлат қуриш, фуқаролик жамиятини шакллантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш ва янада равнақ топтиришнинг мустаҳкам заминидир.
Мен мамлакат Президенти сифатида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини қатъий ва сўзсиз бажариш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайдиган ички ва ташқи сиёсатни амалга оширишни ўзимнинг энг асосий бурчим ва вазифам, деб ҳисоблайман.
Ана шу фундаментал тамойилларни рўёбга чиқаришга доир амалий саъй-ҳаракатлар тўғрисида мен Конституциямизнинг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузамда ўз фикрларимни баён қилганимдан албатта барчангиз хабардорсиз, деб ўйлайман.
Шу муносабат билан Қонунчилик палатаси Спикери ва депутатлар, Сенат Раиси ва сенаторлардан Президентнинг Давлат маслаҳатчилари хизматлари ҳамда Ҳукумат билан биргаликда мамлакатимизда келажакда амалга ошириладиган ислоҳот ва ўзгаришларнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқишни сўрайман.
Иккинчидан, мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролар тотувлиги, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини кўз қорачиғидек сақлаш ҳамда мустаҳкамлашни ўзимнинг устувор вазифам, деб ҳисоблайман.
Маълумки, юртимизда виждон ва эътиқод эркинлиги, турли миллат вакилларининг ҳуқуқлари кенг кафолатланиб, диний бағрикенглик муҳити мустаҳкамланмоқда.
Ҳозирги вақтда диёримизда 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳат яшамоқда, 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда.
Жамиятимизда ҳукм сураётган ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни янада ривожлантириш, қайси миллат, дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча фуқаролар учун тенг ҳуқуқларни таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади. Уларнинг ўртасига нифоқ соладиган экстремистик ва радикал ғояларни тарқатишга Ўзбекистонда мутлақо йўл қўйилмайди.
Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида тобора кескинлашиб бораётган қонли можаро ва зиддиятлар, терроризм ва экстремизм хавфи биздан доимий огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этмоқда.
Шу борада Ўзбекистон чегараларининг хавфсизлиги ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, юртимиз остонасига ҳеч қандай бало-қазони яқин келтирмаслик каби ҳал қилувчи вазифалар ҳамиша диққатимиз марказида бўлади.
Бугун принципиал жиҳатдан ғоят муҳим бўлган бир фикрни яна таъкидлаб айтишни зарур деб биламан: Ўзбекистон ва унинг бағрикенг халқи тинчликсевар сиёсат юритиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш тамойилларини амалга ошириш позициясида доимо мустаҳкам туриб келмоқда. Лекин, зарур бўлса, биз мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигига, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётига таҳдид соладиган ҳар қандай уринишларга қарши кескин зарба беришга қодирмиз. Шунинг учун мен, халқимизга мурожаат қилиб, шуни айтмоқчиманки, бу масалада ҳеч кимда ҳеч қандай иккиланиш ва шубҳа бўлмаслиги лозим. Бунга бизнинг кучимиз ҳам, қудратимиз ҳам етарли.
Фурсатдан фойдаланиб, Қуролли Кучлар, Миллий хавфсизлик хизмати, чегара ва ички қўшинларнинг аскар ва сержантлари, офицер ва генералларига, барча ҳарбий хизматчиларимизга ўзининг ҳарбий қасамёди ва муқаддас бурчига садоқати учун самимий миннатдорлик билдираман.
Ишончим комилки, сизлар бундан буён ҳам юксак профессионал маҳорат, мардлик ва жасорат намунасини кўрсатиб, юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш бўйича ўз ватанпарварлик бурчингизга содиқ бўлиб қоласиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашидан Мудофаа вазирлиги ва бошқа тузилмалар раҳбарияти билан биргаликда Қуролли Кучларимизнинг 25 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни муносиб нишонлашга доир чора-тадбирлар комплексини яқин кунларда тақдим этишни сўрайман.
Бу борада муносиб ҳарбий хизматчиларни нафақат яқинда таъсис этилган кўкрак нишонлари билан, балки юксак давлат мукофотлари билан тақдирлаш бўйича ҳам таклифлар киритиш мақсадга мувофиқдир.
Учинчидан, халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтиришни биз биринчи даражали вазифамиз, деб ҳисоблаймиз.
Бу борада буюк соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: «Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин!» деган чуқур маъноли сўзлари ҳар биримиз учун ҳаётий эътиқодга айланиши зарур.
Бу масала, энг аввало, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, бутун суд тизими, прокуратура, ички ишлар, назорат органлари раҳбарлари ва ходимларининг, шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг бевосита вазифасидир.
Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур.
Депутатлар ва сенаторлар, кенг жамоатчилик, бутун халқимиз ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг ана шу муҳим соҳасидаги давлатимизнинг саъй-ҳаракатларини албатта қўллаб-қувватлайдилар, деб ўйлайман ва бунга ишонаман.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда биз, илгаригидек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳаллалар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлар, эркин ва холис оммавий ахборот воситалари фаол ўрин эгаллайди, деб ишонамиз.
“Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деган муҳим тамойилни амалга оширишда биз аввало ана шу ижтимоий институтларнинг куч ва имкониятларига таянамиз.
Шу муносабат билан халқ ҳокимиятининг энг муҳим пойдевори сифатида жамоатчилик назорати институтини кучайтириш бўйича мамлакатимиз Конституциясининг 32-моддасида, шунингдек, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида», «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа ҳужжатларда муҳрлаб қўйилган талабларнинг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз.
Бу муҳим ишда биз барча фуқароларимиз, энг аввало, ёши улуғ, улкан ҳаётий тажрибага эга нуроний оқсоқолларимиз, катта авлод вакилларининг маслаҳатлари ва фаол кўмагига умид қиламиз ва таянамиз.
Айнан шу авлоднинг фидокорона меҳнати туфайли ўз пайтида мамлакатимиздаги йирик индустрия комплекслари барпо этилди ва модернизация қилинди. Уларнинг ақл-заковати ва саъй-ҳаракатлари билан саноатнинг янги, юқори технологияларга асосланган тармоқлари ташкил этилди, ноёб инфратузилма объектлари қурилди, фермерлик ҳаракати шакллантирилди, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфаси тубдан ўзгарди.
Айнан ана шундай табаррук инсонларнинг Ватанимизга бўлган буюк меҳр-муҳаббати ва жонкуярлиги туфайли мустақил Ўзбекистон давлатининг мустаҳкам замини яратилди.
Бугунги имкониятдан фойдаланиб, юртимиз равнақи йўлидаги фидокорона хизматлари учун муҳтарам нуронийларимизга, қадрли меҳнат фахрийларига ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва самимий тилакларимни билдиришга, уларнинг барчасига узоқ умр, мустаҳкам соғлик, бахту саодат ва фаровонлик тилашга рухсат бергайсизлар.
Шу борада бир фикрга алоҳида урғу бериб таъкидламоқчиман: ёши улуғ инсонлар, катта авлод вакилларига эътибор ва амалий ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг пенсияларини ошириш, тиббий хизмат ва ижтимоий-маиший таъминотини яхшилаш бундан буён ҳам Президент учун, Ҳукуматимиз ва барча ҳокимликлар учун энг муҳим устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Шу мақсадда пенсионерлар, ёлғиз қария ва ногиронларга давлат кўмагини кучайтириш бўйича айни пайтда кенг қамровли чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилди ва улар сўзсиз амалга оширилади.
«Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармаларининг ходимлар штатларини кўпайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, жамиятимиз ҳаётида уларнинг ўрни ва мавқеини янада ошириш бўйича қўшимча зарур чоралар кўрилади.
Яратганнинг бебаҳо мўъжизаси бўлган азиз аёлларимиз, қадрли оналаримиз, меҳрибон рафиқаларимиз, мунис опа-сингилларимиз, севимли қизларимиз ва набираларимиз ҳаётда бизга барча тўсиқларни енгиб ўтиш, олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш йўлида доимо ғамхўрлик қилиб, ҳамиша чексиз ишонч, куч ва мадад берадилар.
Сизларнинг оналик меҳрингиз ва саховатингиз, аёллик тароватингиз ва меҳр-оқибатингиз учун биз сизлардан умрбод қарздормиз.
Шу сабабли оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, аёлларнинг турмуш шароитларини ҳисобга олган ҳолда, иш билан таъминлаш, опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш учун ҳар томонлама имконият яратиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича давлат сиёсатини фаол давом эттиришни биз ўзимизнинг энг муҳим вазифамиз, деб биламиз.
Барчамизга аёнки, Ўзбекистон бой қазилма ва табиий ресурсларга, қудратли иқтисодий ва инсоний салоҳиятга эга. Бироқ бизнинг энг катта бойлигимиз – бу халқимизнинг улкан интеллектуал ва маънавий салоҳиятидир.
Бу салоҳиятни яратиш ва янада кўпайтиришда ҳурматли зиёлиларимиз – илм-фан ва техника намояндалари, биринчи навбатда қадрли ва ҳурматли академикларимиз, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаларининг вакиллари бутун вужудини бериб, фидокорона меҳнат қилаётганларини биз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Ана шу заҳматкаш инсонларнинг илмий ва ижодий изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратишни биз ўзимизнинг бирламчи вазифамиз сифатида кўришимиз даркор.
Шу мақсадда ҳукуматимиз томонидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Бугунги кунда “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!” деган ҳаётий даъват ҳар биримизнинг, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг онги ва қалбидан мустаҳкам ўрин эгаллаган.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг 32 фоизини ёки 10 миллионини 30 ёшгача бўлган ёшларимиз ташкил этади.
Ёшларимиз ҳақли равишда Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Бу соҳада олиб бораётган кенг миқёсли ишларимизни, хусусан, таълим-тарбия бўйича қабул қилинган умуммиллий дастурларимизни мантиқий якунига етказишимиз зарур.
Шу мақсадда Ҳукуматнинг, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда бутун таълим тизимининг, ҳурматли домлаларимиз ва профессор-ўқитувчиларнинг энг муҳим вазифаси – ёш авлодга пухта таълим бериш, уларни жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялашдан иборатдир.
Фарзандларимиз учун замонавий иш жойлари яратиш, уларнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашини таъминлашга қаратилган ишларимизни янги босқичга кўтаришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Биз ёшларга доир давлат сиёсатини ҳеч оғишмасдан, қатъият билан давом эттирамиз. Нафақат давом эттирамиз, балки бу сиёсатни энг устувор вазифамиз сифатида бугун замон талаб қилаётган юксак даражага кўтарамиз.
Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз.
Тўртинчидан, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатлар билан ўсишини таъминлашдек муҳим тамойил ва устувор вазифани амалга ошириш, давлат раҳбари сифатида мен учун стратегик вазифа бўлиб қолади.
Биз аввало иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш борасидаги ишларимизни янада чуқурлаштириш, унинг соҳа ва тармоқларини таркибий жиҳатдан ўзгартириш бўйича бошланган ишларни жадаллаштиришимиз керак.
Тармоқлар ва ҳудудларни модернизация қилиш, уларнинг рақобатдошлик даражасини ошириш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари доимий эътиборимиз марказида бўлиши лозим. Бунинг учун хорижий сармоялар ва илғор технологияларни ҳамда ахборот-коммуникация тизимларини барча соҳаларга янада фаол жалб этишимиз зарур бўлади.
Айнан шу асосда 2030 йилгача мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини 2 баробардан зиёд кўпайтиришга эришишимиз даркор.
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалалари, ҳеч шубҳасиз, биз учун энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади. Энг аввало, агросаноат комплекси ва унинг локомотиви, яъни ҳаракатга келтирувчи кучи бўлган кўп тармоқли фермер хўжаликларини изчил ривожлантиришга катта эътибор қаратилади.
Иқтисодиётда давлат иштирокини стратегик асосланган даражада қисқартириш, хусусий мулкни янада ривожлантириш ва уни ҳимоя қилишга доир комплекс масалаларни ҳал этиш – ҳукумат, давлат бошқаруви органлари ва барча даражадаги ҳокимликлар учун энг муҳим устувор вазифа сифатида белгиланади.
Бизнинг яна бир муҳим вазифамиз – кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат. Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Мен такрор бўлса ҳам, айтишдан ҳеч қачон чарчамайман, яъни “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”.
Шунинг учун бундан кейин тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилиш – давлат сиёсатига, Президент сиёсатига тўсқинлик қилиш, деб баҳоланади. Принципиал жиҳатдан ғоят муҳим бўлган бу позициямизни яна бир бор алоҳида таъкидлаб ўтишни муҳим ва зарур деб ҳисоблайман.
Сайловчилар билан учрашувларда нафақат тадбиркорлар, балки аҳолимизнинг кенг қатлами ана шу талабни қатъий қўллаб-қувватлаганига шахсан ўзим чуқур ишонч ҳосил қилдим.
Бешинчидан, биз амалга ошираётган иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий ўзгаришларнинг самараси, биринчи навбатда, аҳолининг моддий аҳволи ва фаровонлигини, унинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қай даражада таъсир кўрсатаётгани билан ўлчанади.
Шу мақсадда иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини босқичма-босқич ошириб бориш бўйича биз аниқ чора-тадбирларни режалаштирганмиз ва улар албатта амалга оширилади.
2017 йилдан бошлаб аҳолини, авваламбор, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласи бўйича янги тизим жорий этилади.
Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳолининг уларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, жумладан, мақбул нархлар бўйича кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан халқимизни тўлиқ таъминлаш олдимизда турган муҳим вазифалар қаторига киради.
Биз учун бебаҳо бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг бирламчи бўғинидаги бўлинмалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш, тез тиббий ёрдам ва юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатадиган, ихтисослашган махсус марказларни янада ривожлантириш юзасидан чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш Ҳукуматнинг эътибор марказида бўлиши даркор.
Бу масалада куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги раҳбар кадрлар тўлиқ янгиланди ва айтиш мумкинки, уларнинг таркиби кучайтирилди.
Барчангизнинг хабарингиз бор, дори воситалари ва тиббий буюмларга нархларни шакллантириш тизимини такомиллаштириш бўйича кейинги пайтда аниқ чоралар кўрилмоқда ва биз бу ишларни қатъий давом эттирамиз.
Бу борадаги ислоҳотлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва дори воситалари билан таъминлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
Хабарингиз бор, 2017-2021 йилларга мўлжалланган 15 та мақсадли дастурнинг айримлари қабул қилиниб, уларнинг ижросига киришилди ва яқин вақт ичида шу йўналишдаги бошқа дастурларнинг барчасини тасдиқлаш бўйича ишлар тўлиқ якунланади.
Мазкур дастурларнинг барчасини ягона мақсад бирлаштириб туради. Яъни, улар яқин 5 йилда аҳоли пунктларини, айниқса, қишлоқ жойлар, туман ва шаҳарларни комплекс ривожлантириш, замонавий муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини шакллантиришга доир бир қатор долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилади.
Олтинчидан, аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, унинг қонуний талаблари, сўров ва таклифларини амалга ошириш учун аниқ чоралар кўришни мен ўзим учун энг муҳим ва устувор вазифа, деб ҳисоблайман.
Энди нафақат ҳукумат, балки мутасадди вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, ҳокимларнинг ҳам бу борадаги фаолияти якунлари бўйича ҳисобот бериш тизими жорий этилади ва шунга қараб уларнинг ишига баҳо берилади. Шу сабабдан ҳар бир раҳбар ва мансабдор шахсдан айни шу асосда тизимли ва самарали иш олиб боришни талаб этаман.
Сизларга яхши маълумки, биз 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилдик. Лекин, ҳаммамиз тушунамизки, халқ билан мулоқот, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш – бу биз учун фақат бир йиллик иш эмас.
Бу масала келгуси беш йиллик фаолиятимизда ҳам энг устувор вазифа бўлиб қолади ва бу ҳақиқатни ҳаммамиз чуқур тушуниб, яхши англаб олишимиз шарт. Чунки, биз юртимизда янги давлат, янги жамият қуриш йўлида қандай иш қилсак, уларнинг барчасини халқимиз билан бамаслаҳат қиламиз.
Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ.
Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан.
Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан. Шунда халқимиз биздан рози бўлади.
Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.
Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади.
Шу маънода, буюк Алишер Навоий бобомизнинг «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами» деган сатрларида қанчалик чуқур ҳаётий ҳикмат, фалсафа бор. Яъни, бу дунёда инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир, халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди, деб таъкидламоқда улуғ бобомиз.
Бу ўлмас сатрлар бизнинг бугунги ҳаётимиз билан, бизнинг орзу-интилиш ва амалий ҳаракатларимиз билан нақадар ҳамоҳанг экани одамни ҳайратга солади.
Биз барча давлат идоралари фаолиятида аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтишимиз даркор. Хусусан, 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизими жорий этилади.
Шу билан бирга, илгари ҳам айтганимиз каби, ҳар бир туман ва шаҳарда, “Халқ қабулхоналари”ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлашимиз зарур бўлади.
Бу қабулхоналарнинг ҳуқуқий мақомини, уларнинг ваколат ва мажбуриятларини ҳам аниқ белгилаб, бирорта ҳам мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизим фаолиятини йўлга қўйиш даркор.
Давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётгани, уларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва очиқлиги биз учун энг асосий мезон бўлиши шарт. Шу борада бир фикрни яна такрорлаб айтмоқчиман: халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак.
Шу муносабат билан энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифалар, тармоқ ва ҳудудлар бўйича мақсадли дастурлар, устувор инвестиция лойиҳалари ва бошқа долзарб вазифалар бажарилишини танқидий таҳлил қилиш юзасидан амалдаги мавжуд тизим самарадорлигини оширишимиз лозим.
Айни вақтда Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари ва иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари ҳамда ҳокимларнинг Президент ҳузурида шахсий ҳисоботини эшитиш амалиёти янгитдан жорий этилади.
Ҳукуматга, ҳокимликларга сайловчилар ва аҳолининг кенг қатламлари билан учрашувлар якунлари бўйича 2017-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрини ривожлантириш борасидаги муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирларни вазирлик ва идоралар билан биргаликда сўзсиз амалга ошириш топширилади.
Бугунги кунда нафақат Бош вазирнинг электрон почтаси ва қабулхонасига, балки Президент номига келиб тушаётган фуқароларнинг қонуний мурожаат ва шикоятларини батафсил ўрганиш ва уларда кўтарилган масалаларни ечиш бўйича ишларни фаол давом эттириш ғоят муҳим, деб ҳисоблайман.
Умуман олганда, бундан кейин вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фаолияти натижаси қуруқ иқтисодий рақамлар билан эмас, балки уларнинг одамлар билан қандай мулоқот олиб бораётгани ва ишни ташкил этгани, фуқароларнинг муаммоларини қай даражада ҳал қилаётганига қараб баҳоланади ва тегишли хулосалар чиқарилади.
Айни шу масалада уларнинг фаолияти ижобий бўлса, халқ улардан рози бўлса, раҳмат деймиз, акси бўлса – биз бундай раҳбарлар билан хайрлашамиз.
Ҳурматли дўстлар!
Олдимизда турган кенг кўламли вазифаларни самарали ҳал этиш, энг аввало, давлат раҳбари сифатида шахсан мендан, давлат ҳокимиятининг учта тармоғидан, шунингдек, барча раҳбар ва мансабдор шахслардан қатъий интизомни талаб этади.
Ишимизни тўғри ташкил этиш, унинг самарадорлигини таъминлаш, бутун бошқарув тизими фаолиятини сифат жиҳатидан замон талаблари даражасига кўтаришни бугун ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
Албатта, биз режалаштираётган барча ўзгаришларнинг ниҳоятда кўпқиррали ва ўта муҳим эканини мен чуқур тушунаман.
Бироқ, йўлимизда қандай тўсиқ ва қийинчиликлар, кескин ва долзарб муаммоларга дуч келсак ҳам, шошма-шошарлик билан, пала-партиш қарорлар қабул қилишга, яхши ўйлаб кўрилмаган хатти-ҳаракатларга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ.
Бизнинг вазифамиз – тўпланган тажриба ва илғор халқаро амалиётга суянган ҳолда, ўзимизнинг тараққиёт ва янгиланиш моделимизни қатъий амалга оширишдан иборат. Шу борада яқин ва ўрта муддатга белгиланган марраларга эришиш учун қатъият билан ҳаракат қилишимиз зарур.
Шу мақсадда 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракат стратегиясини ишлаб чиқиш яқин кунларда якунланади.
Бу стратегия давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантиришни жадаллаштириш ва фаол ташқи сиёсатни амалга оширишга оид бешта асосий устувор йўналишни қамраб олади.
Халқимиз билан доимий мулоқот қилишга доир талабни амалда бажариш учун ушбу Стратегияни қабул қилишдан олдин уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб, эл-юртимиз ўртасида кенг муҳокама қилишни таклиф этаман.
Ишончим комилки, бундай муҳокамалар халқимиз манфаатларини янада тўлиқ инобатга олиш учун хизмат қилади.
Азиз дўстлар!
Маълумки, Конституциямизнинг 98-моддасига мувофиқ, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг устувор вазифаларини муваффақиятли ҳал этиш учун жавобгарлик Вазирлар Маҳкамаси, ҳукуматнинг ҳар бир аъзоси, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари зиммасига юклатилган.
Бу, биринчи навбатда, Бош вазир ва унинг ўринбосарларидан юксак даражадаги шахсий масъулиятни, шунингдек, уларнинг зиммасига юкланган вазифаларни самарали ва тўлиқ бажаришни талаб этади.
Шу муносабат билан бир таклиф киритмоқчиман. Яъни, Олий Мажлис палаталарининг 2015 йил 23 январдаги ва жорий йилнинг 8 сентябрдаги қўшма мажлисларида таклиф этилган Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракат дастурини янада аниқлаштириб, ҳозирги талаблардан келиб чиққан ҳолда, унга қўшимчалар киритиш лозим. Бу – кечиктириб бўлмайдиган вазифадир.
Умид қиламанки, бугунги мажлисимизнинг иккинчи қисмида Бош вазир лавозимига кўрсатиладиган янги номзод ушбу дастурнинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган асосий йўналишлари ва устувор вазифалари тўғрисида ахборот беради.
Бу борада асосий диққат-эътиборни қуйидаги стратегик йўналишларга қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман.
Биринчидан, иқтисодиётимизда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, макроиқтисодий барқарорлик ва миллий валютамизни янада мустаҳкамлашни таъминлаш.
Иккинчидан, мамлакатимиз ҳудудларини, яъни шаҳар, туман ва маҳаллаларни, айниқса иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда нисбатан орқада қолаётган туман ва шаҳарларни комплекс ва жадал ривожлантириш.
Учинчидан, аҳолининг реал даромадларини, турмуш даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратиш.
Ҳукумат ва шахсан унинг янги раҳбарияти фаолияти самарасини биз айнан шу мезонлар асосида баҳолашимиз зарур.
Шу мақсадда яқин кунларда Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмаси қайта кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Бундай ўзгартиришлардан асосий мақсад – тўпланган тажриба асосида ва мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича олдимизда турган кенг кўламли янги вазифаларга мувофиқ, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг энг оптимал ва самарали тизимини ишлаб чиқишдан иборат.
Ана шу тизим марказида нафақат иқтисодиётнинг таянч тармоқларини, балки, энг аввало, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва мамлакатимиз барча фуқароларининг ҳаётий манфаатларини таъминлашга ва уларнинг даромадларини кўпайтиришга доир истиқболдаги муҳим вазифалар туриши керак.
Олдимизда марказий бошқарув органлари – Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, божхона тизими ва бошқа идоралар фаолиятини тубдан яхшилашга доир комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам турибди.
Мамлакатимиз банк тизими ва бозор инфратузилмасининг бошқа органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳам долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда уларнинг фаолияти бугунги ҳаёт ва иқтисодий ислоҳотлар талабларидан анча ортда қолмоқда. Шунинг учун биз бугунги йиғилишимизга барча йирик тижорат банклари раҳбарларини ҳам таклиф этганмиз. Уларнинг бош вазифаси – бундан кейин ўз иш услубларини тубдан ўзгартириб, фуқароларимиз ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ишончини қозонишга ва уларга ҳақиқий кўмакдош бўлишга эришишдан иборат.
Шу боис давлат банклари олдига қуйидаги вазифалар қўйилмоқда. Улар ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши керак.
Шу мақсадда тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги филиаллари, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга молиявий кўмак ва мадад беришни зиммасига олади.
Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, банклар энди халқимизни тадбиркорликка, ишбилармонликка ўргатиши ва шунга етаклаши лозим бўлади.