Главная » Yangiliklar » Shohruhxon: “tuyg‘ularim qalbimda, ularni hammaga oshkor etmayman!”
Shohruhxon: “tuyg‘ularim qalbimda, ularni hammaga oshkor etmayman!”

Shohruhxon: “tuyg‘ularim qalbimda, ularni hammaga oshkor etmayman!”

  • Категории: Yangiliklar
  • Название: Shohruhxon: “tuyg‘ularim qalbimda, ularni hammaga oshkor etmayman!”
  • Дата релиза: 19-06-14, 11:05
Shohruhxon: “tuyg‘ularim qalbimda, ularni hammaga oshkor etmayman!”
Бугунги суҳбатдошимиз ўз ўрни, рейтинги ва етарлича мухлисларига эга ижодкор. “Жуда ёқимтой-да!” “Нимасидир биландир эътибор тортади. Қарашларини айтмайсизми?” деган таърифлар тез-тез қулоққа чалиниб туради. Ҳақиқатдан ҳам унинг нигоҳларида яширин сир бордай... Бир қарашда махзун, деб аташ мумкин бўлган кўзлар, кутилмаганда хурсандчиликдан чарақлаб кетади. Балки юқорида таъкидланган жумбоқларга қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам жавоб тополмас... Шундай бўлса-да, хонанда ШОҲРУХХОН билан сиз муштарийларни қизиқтирган саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз. Сирлилигидан воз кечган ҳолда балки бугунги суҳбатда сирларини ошкор этар...

— Таҳририятимизга ҳуш келибсиз!

— Хушвақт бўлинг!

— Суҳбатни айни кунларда нима ишлар билан бандлигингизни билишдан бошласак...

— Доимгидак иш “қайнаяпти”. Бир вақтнинг ўзида иккита альбом устида ишлаяпман. Уларнинг бири ижодимнинг 10 йиллигига бағишланган. Мазкур альбомдан ижодим давомидаги энг “хит” қўшиқлар ўрин олган. Иккинчи тўпламдан эса концерт дастурим ва янги клиплар жой олган.

— Сўнгги вақтларда романтикага берилиб кетганингизни интернетдаги шахсий саҳифаларингизга жойлаётган суратларингиздан англаш қийин эмас...

— Асли романтика менга бегона эмас! Гапингизда жон бор охирги вақтларда ўта романтик йигитга айланяпман (самимий кулади).

— Балки севиб қолгандирсиз?

— Севиб қолиш (ўйланиб)... Севгим юракда... Муҳаббатим мухлисларга аталган.

— Гапни олиб қочманг! Кўнглингиздан жой олган инсонга бўлган муҳаббатингизни назарда тутгандим...

— Бу ҳақда оммага маълум қилишни истамайман. Туйғуларим - қалбимда... Бошқа саволга ўтайлик, илтимос!

— Интервьюларингизда уйланиш ҳақида гап очасиз-ку, бироқ ҳамон бўйдоқсиз?

— Яхши ният билан гапиргандирман-да!

— Балки чиндан ҳам оила қуришнинг вақти келгандир?

— Очиғи, бу йилги режаларим жиддий. Ҳақиқатдан ҳам бошимни “иккита” қилиш керак. Ҳозирча эса пешонамга ёзилганини кутиш билан кун ўтказяпман.

— Маълумотларга қараганда, сиз танлаган қиз онангизга ёқмагани учун тўй ортга сурилаётган экан?

— (Кулиб) Мен танлаган қиз онамга ёқмаслиги мумкин эмас. Онам билан дид ва дунёқарашимиз бир хил. Худо хоҳласа, волидам билан ўртамизда бундай қарама-қаршилик бўлмайди.

— Оилангизга келин келибди. Сиздан кейинги укангиз Шуҳрат уйланди-а?

— Ҳа, энди хонадонимизда ҳам келин бор. Улар бир-бирини севиб оила қуришди. Насиб этса, тез кунларда чақалоқнинг йиғиси ҳам эшитилади. Келин келгандан кейин ҳамма нарса ўзгариб кетаркан.

— Сиздан аввал укангизнинг уйланишига қарши бўлмадингизми?

— Укам учун чин дилдан хурсандман! Мендан аввал тақдиридаги қизни учратиб, оила қурган экан фақат бахт тилайман.

— Сира ота ҳақида гапирмайсиз-а?

— Чунки менга бу мавзуда савол беришмаганда.

— Мана энди сўрайман-да!

— Отамни ҳеч иккиланмай яхши инсонлар сафига қўша оламан. Бировга ёмонлик тиламайди, яхшиликни ўйлаб яшайдиган инсон. У билан узоқ вақт суҳбатлашиб ўтиришни яхши кўраман.

— Қайси жиҳатларингиз дадангизга ўхшайди?

— Камгаплигимиз ва санъатни севишимиз! Бу рўйхатни узоқ давом эттиришим мумкин.

— Куни кеча Хоразм сафаридан қайтдингиз. Дадангизни кўргани боргандирсиз?

— Албатта!

— Тез-тез учрашиб турасизларми?
— Ҳа!

— Ўзингизнинг бўлажак оилангиз ҳақида тасаввурларингиз борми?

— (Узоқ вақт ўйланиб) Орзуларим жуда кўп! Лекин улар ҳақида гапиришни истамайман. Оила билан боғлиқ орзу-ниятлар қанча кам гапирилса, унинг ижобати шунчалик кўп бўлади. Шунинг учун бу саволни жавобсиз қолдираман.

— Сўнгги 3-4 йил ижодда сизга омад кулиб боқди...

— Рости, мактабда аъло баҳоларга ўқимаганман. Ота-оналар мажлисида ҳар сафар онам мени деб ёмон гаплар эшитганида ҳафа бўлганини кўриб, ўзимга ўзим “Она, катта бўлсам юзингизни ерга қаратмайман!” деб кўп айтардим. Шукрки, бугун ниятларим ижобат бўлди. Ҳозирги кунларимни болаликдан қанчалар орзиқиб кутганимни билмайсиз. Одамда орзу бўлса, ўз ҳаракати билан ҳаммасига эришиши мумкин экан. Бу жараёнда албатта омаднинг ҳам ўзига яраша ўрни бор.

— “Сен кетма” фильмининг баъзи саҳналари ҳаётингиздан олингани ростми?

— Балки... Кинокартинада ҳамма санъаткорларнинг бошидан ўтган ҳолатни тасвирлашга ҳаракат қилганмиз.

— Сиз учун энг таъсирли бўлган саҳна?

— Фильм якуни! “Сен билан кўришгандан кейин севиш, одамни қадрлаш нима эканини тушундим. Мени севгига ишонтирдинг!” дейилгач, қизнинг вафот этиши ва “Сен кетма” қўшиғининг янграши юрагимни жунбушга келтирди.

— Шохруххонни тушуниш бироз қийин, деган гапларни кўп эшитамиз...

— Назаримда, ҳар бир одамни тўлиқ тушуниш учун вақт талаб қилинади. Мен билан илк учрашган одам биргина сўзимдан тушуниши қийин. Лекин шу кунга қадар атрофимдагилар мени тушунмаслигидан нолишмаган.

— Кимлар сизни кўпроқ тушунади?

— Албатта яқинларим! Улар мени биргина қарашимдан тушунишади. Мени юқоридаги каби таърифлаганлар билан балки бир-биримизни тушунишимиз шарт ҳам эмасдир...

— Балки феъл-атворингиз оғир бўлгани учун шундай таърифга муносиб кўришар?

— Феълим оғир, деб ҳисобламайман!

— Сизни асабий ҳолатда тасаввур қилиш қийин?

— Ҳар бир одам асабийлашганда 90 фоизга ўзгариши аниқ. Бу одамзоднинг табиатига хос ҳусусият. Жахл чиққанда, ақл кетади, деб тўғри айтишади. Ақлини йўқотган кишини тасвирлаб бериш жуда қийин. Шунинг учун асабий вақтимда қандай холатда бўлишимни тасвирлаб беролмайман.

— Қандай вазиятларда жахлингиз чиқади?

— Сўнгги вақтларда мен ҳақимда кўп нотўғри маълумотларни гапиришяпти. Гап тарқатаётганларнинг мақсади — мени асабийлаштириш! Уларга айтар гапим — ёлғон тўқишда давом этаверишсин. Бу ҳаракатингиз билан мени ҳурсанд қиляпсизлар!

— Ноқулай вазиятда қолсангиз?
— Бу ҳақда кўпроқ аёллар ўйлайди. Эркакларга эса бу холат бироз бегона. Бировнинг ҳаққини емаса, ўғирлик қилиб омонатга хиёнат қилмаса, эркак киши ҳеч қачон ноқулай вазиятда қолмайди.

— Саволларга узоқ ўйланиб, жавоб беряпсиз. Қарор қабул қилишда ҳам шундаймисиз?

— Таваккал билан иш кўрмайман. Узоқ вақт ўйланиб, сўнг қарор қабул қиламан.

— Интервью сўнгида саволларга берган жавобларингиз ҳақида ўзингизнинг фикрингизни эшитмоқчи эдим...
— Ҳеч қайси жавобдан кўнглим тўлмади! Ўйлаган гапимни тўлиқ тушунтириб беришга қийналаман. Кўнглимдагидек жавоб қайтаришим учун узоқ вақт керак. Бу одатим эса журанлистларга тўғри келмайди. Бугунги суҳбатимиз мухлисларга маъқул келса бўлгани.

ШОҲРУХХОН ҳақида...

1985 йилнинг 29 майида Тошкент шаҳрида туғилган.
Санъатдаги фаолиятини 2005 йил бошлаган.

100га яқин қўшиқлар ва 50дан ортиқ клиплар соҳиби.

Бугунги кунга қадар 2 маротаба яккахон концерт дастурини тақдим этган.

Фильмлардаги роллари сони 15 та.


Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди.

Фотомуҳбир: Равшан ШОКИРОВ
Логин:
Пароль: