Главная » Yangiliklar » Тоғдаги муз одам
Тоғдаги муз одам

Тоғдаги муз одам

  • Категории: Yangiliklar
  • Название: Тоғдаги муз одам
  • Дата релиза: 13-12-16, 19:26
Тоғдаги муз одам
Шарпа муз кўринишидаги инсон қиёфасини олган нарса эди Мактублар орасида айнан “Ғаройибот”га келганларини ўқиш биз учун жуда мароқли. Чунки бир-биридан қизиқ ва сирли воқеалар ичига шўнғиб кетамиз. Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидан Ўктам Мавлоновнинг хати ҳам худди шундай бизни ажойиботлар оламига ғарқ қилди... Тоғли ҳудудда яшаганимиз учун қиш ҳар доим бизда қаттиқ ва совуқ бўлади. Албатта, бу фасл ўзининг қаҳри билан бирга гўзаллиги, мафтункорлиги ҳам бор. Мол-қўй баҳона оппоқ қорга бурканган тоғни, дарахтларни, қир-адирларни томоша қилиш шу қадар ёқимлики, гўё мусаффо оламга тушиб қолганга ўхшайсиз. Ҳамма жой соф, покиза, борлиқ оппоқ. Ҳатто ўзингизни бу манзарага номуносиб кўрасиз. Худди оппоқ қоғозга томган сиёҳ каби табиатга ярашмай турибманми, дея хижолат ҳам бўласиз. Мен ҳам мана шу мусаффолик сабаб балки, қишни жуда яхши кўрарман. Эҳтимол, қўлимда ҳунарим бўлса-да, мана шу ошуфталик мени ҳар қиш одамларнинг қўйларини боқишга, чўпонлик қилишга мажбур этар... — Дадаси, совуқда юриб нима зарил? Ишингизни қилаверинг, — ҳар доимгидек бу йил ҳам чўпонлик қилмоқчи эканлигимни билган хотиним нолиб бошлади. — Икки-уч кунлаб уйда бўлмайсиз. Совуқда юрасиз, вақтида овқат емайсиз. Бизни хавотирга қўясиз. Ундан кўра, иссиққина уйда ўзингизнинг ишингизни қилиб ўтирмайсизми? — Э-э-э, хотин, ошиқ бўлмагансан-да! Ошиқ одамнинг кўзи кўр бўлади. Ҳеч нарсани билмайди, сезмайди. Мен табиатга, айнан қишки табиат манзарасига ошиқман. Оппоқ қорга бурканган тоғ бағрида мазза қилиб юрмасам, касал бўлиб қоламан, ахир, — дедим аёлимга. Шу билан бир ҳафта ичида қўйларини менга ишониб топширмоқчи бўлган кишилар ва қўйлари сонини рўйхатини тузиб, тоққа чиқиб кетадиган кунимни маълум қилдим. Бир ҳафта ўтгач, қишлоқдошларим мен айтган жойга ўз қўй-қўзиларини олиб келишди. Уларни олдимга солиб, йўлга тушдим. Атроф оппоқ. Қўйлар ҳам тумшуғи билан туртиб қор тагидан янтоқларни чиқариб олиб кавшаш билан банд. Оқлиққа бурканган оламни бузаётгани билан иши йўқ. Мен эса табиатнинг бетакрор ҳуснига ўзим ва қўйларим билан зиён етказаётганимдан ўкинаман. Лекин барибир қалбимдаги ошуфталик йўқолмайди. Атрофни иштиёқ ва меҳр билан кузатаман. Асосий ишим ҳам эсдан чиқади. Баъзан рассом ёки шоир бўлиб яралмаганимга пушаймон бўламан. Бу гўзаллик қўйнида қандай асарлар яралган бўларди, эсиз... Шу хаёл билан яна энтикиб, суқланиб қарайман, тоғу-тошларга... Ана шундай шайдолик билан юрган кунларимнинг бирида, олдимда юрган қўйларнинг нимадандир ҳуркиб, қулоқларини диккайтириб, бошини кўтариб олишганини кўрдим. “Бўрининг ҳидини олдимикан? Қишда бўри кўп бўлади. Эҳтимол, тулки юргандир?” Атрофга алангладим. Оппоқ қор устида бирорта зоғни — қора нарсани кўрмадим. — Ҳеч нарса йўқ-ку, нимадан ҳуркаяпти, булар? — ҳайрон бўлиб дедим ўзимга ўзим. Шу пайт қўйларнинг бир қисми ортга тисарилгандек бўлди. Ўзим эса улар қараб турган томонда шаффоф шарпани сезгандек бўлдим. Худди инсон қиёфасидаги музга ўхшарди у. Муз каби шаффоф бўлгани боис, бироз кўз илғаши қийин. Ҳаракатланаётгани туфайлигина пайқаб қолиш мумкин. Менинг кўзим тушиши билан ҳалиги шарпа тек қотди. Мен уни бошқа кўра олмаётгандим. Атай бошимни бурдим. Қўйлар янада сергакланди. Шарпа ҳаракатланди, мен ялт этиб қарадим. Ҳа, бу чиндан ҳам муз кўринишидаги инсон қиёфасини олган алланима эди. Қичқириб юбордим. Шарпа томондан “зув” этган овоз келди. Яшин тезлигида у тоғ томонга учди. Кўзларим кўриб-кўрмай қолди. Мен эса карахт аҳволда қолдим. Туш кўрдимми, десам уйғоқман. Менга шундай туюлгандир, десам қўйларим ҳам ҳуркди-ку! Кўрганим ким эди? Номаълум мавжудотми, арвоҳми, ўзга сайёралик? Бу жумбоқни ҳамон ечолмайман... КАМИНА оққа кўчирди
Логин:
Пароль: