Ummonchilar Qo‘shiqlari avvalgidek emasligini Tan olishdi
- Категории:
- Название: Ummonchilar Qo‘shiqlari avvalgidek emasligini Tan olishdi
- Дата релиза: 18-05-14, 00:49
"Уммон” гуруҳи билан бўлган интервьюларимизда улар ҳеч қандай "пиар”ларсиз машҳур бўлгани ҳақида кўп таъкидлаганмиз. Бироқ сўнгги вақтларда уларга олдингидек жўшқинлик етишмаяпти. Мухлислар орасида ҳам аввалгидек "Уммономания”ни учратиш қийин... Демак, суҳбат давомида айнан шу ва бошқа қизиқарли саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз...
— Таҳририятимизга хуш келибсиз...
— Таклиф учун ташаккур. "Даракчи”да яна бир бор меҳмон бўлаётганимиздан хурсандмиз.
— Сўнгги пайтларда "Уммон” гуруҳининг бўш вақтини топиш қийин. Қачон қарамавилоятлардаги концертлар билан бандсиз...
Жасур Рафиқов: — Иш бўлгани яхши. Тўғри, бугун ишимиз кўплиги ҳар доимгиданда кўра қайнаяпти. Деярли ҳар ҳафтада вилоятларда давлат тадбирлари билан уюштирилаётган концертларда иштирок этяпмиз.
Зоҳид Рисқиев: — Бироқ янги қўшиқлар ёзишни ҳам унутиб қўйганимиз йўқ.
Шоҳрух Исамуҳамедов: — Янги шўх қўшиқларимиздан бирига клип суратга олишни ҳам бошлаш арафасидамиз. Кетма-кет маҳзун йўналишдаги клипларимиздан сўнг навбатдаги ижод маҳсулимиз тингловчилар эътиборидан четда қолмаслигига ишонамиз.
— Гапларингиздан ижодингиз аввалгиданда жўшқин давом этаётганини англаш қийин эмас. Аммо "Уммон” гуруҳининг машҳурлиги аввалгидек эмаслигини ҳам тан олиш керак...
Жасур: — Буни ўзимиз ҳам тан оламиз. 2013 йил гуруҳимиз учун бироз оғир келди. Шахсий ҳаётимиздаги муаммолар туфайли кичик ижодий танаффуслар қилишга мажбур бўлдик.
— Гуруҳнинг "лицензия”си олиб қўйилганини назарда тутяпсизми?
Жасур: — Бу ҳам сабаблардан бири, аммо асосийси бу эмас. Шахсий муаммоларимиз туфайли бироз ижоддан чекиндик.
Зоҳид: — Лицензиямиз олиб қўйилганини ҳамма шов-шув қилди. Аммо ўтган йили қайтариб олганимиз ҳақида ҳеч ким гапиргани ҳам йўқ. Ёмон хабар тез тарқалишига яна бир исбот бу.
Шоҳрух: — Лицензиямиз вақтинчалик тўхтатилганига эса биринчи ўринда ўзимиз айбдормиз. Бунинг учун кимнидир сабабчи қилиб кўрсатгимиз йўқ.
— Янги қўшиқларингиз аввалгидек "хит” бўлмаётганига ҳам кўз юмиш қийин. Бунга айбдор Зоҳидми?
Зоҳид: — (Кулиб) Қандай қилиб қўшиқларимизни "хит” деёламиз? Қўшиққа клип суратга олиб, ТВда яхшилаб "айлантирилса” ана ўшанда "хит” дердик.
— Гапингизни бўлишга мажбурман. Шу кунгача сизларни телевидение кўмагисиз машҳур бўлган гуруҳ сифатида тан олишади...
Зоҳид: — Интернетдаги "хит”ларимиз ҳақида гапиряпсизми? Унда "хит”ларингиз йўқ”, деган фикрингизга умуман қўшилмайман. Интернет сайтларида аввалги рейтингимизни сақлаб қолганмиз.
Жасур: — Менинг жавобим эса Зоҳидникидан бироз фарқ қилади. Тўғри, қўшиқларимиз аввалгидек эмасдир. Бунга ижодкорлар томонидан яратилаётган ўндан зиёд янги ижод намуналари сабаб. Бугун тонгда интернетга янги қўшиғимизни жойлаштириб биринчиликда турган бўлсак, тушга бориб ўз-ўзидан кейинги поғонага тушиб қоляпмиз. Соғлом рақобат ва янги қўшиқларнинг кўплиги йўлимизни "тўсаётган”дир балки. Мазкур ҳолат нафақат бизнинг, балки ҳамкасбларимизнинг ижодида ҳам сезилади.
— Гуруҳ маъмури ўзгарибдими?
— Йўқ, шунчаки олдин иккита маъмур билан ишлардик. Бугун эса уларнинг сони битта.
— Сабаб?
Жасур: — 2013 йил ижодимизнинг бироз сусайганига ҳам айнан мана шу ҳолат сабаб бўлди. Маъмурларимиздан бири ўз ишига масъулият билан қарамагани учун кўп жойларда бошимиз эгилиб, танбеҳ эшитдик. Бу вазият такрорланавергач, у билан ҳамкорликни тўхтатишга мажбур бўлдик.
Зоҳид: — Ачинарлиси биз унинг қинғир ишлари ҳақида бироз кеч билдик. Аммо ҳечдан кўра кеч бўлса-да, кўзимиз ҳақиқатни кўра олганидан ҳурсандмиз.
— Гуруҳнинг аксарият қўшиқларида асосий овоз сифатида Зоҳидни эшитамиз...
Зоҳид: — Нима демоқчи эканингизни пайқадим, "система”ни тушунтириб бераман. Қўшиқда ҳамманинг ўзига яраша овози бор. Вокал билан куйланиши керак бўлган ўринларни мен, рэп ва бироз миллийликни қолганлар куйлашади. Шу сабаб "Бошқаларнинг овози кам эшитилади”, деган фикрлар ноўрин. Ҳатто баъзи рэп йўналишидаги қўшиқларда менинг овозимни умуман эшитмайсиз ҳам. Сабаби, улар каби рэп услубида куйлаш қўлимдан келмайди. Бундай пайтларда бироз чекинаман.
— Клипмейкерларнинг фикрича, "Уммон” клип учун пул тежамайдиган гуруҳлар сирасига кирар экан...
Жасур: — Агар ғоя ҳақиқатда зўр бўлса ва у қўшиқнинг оммалашишига сабаб бўлса, пул аямаймиз. Ахир клипни ўзимиз учун ишлаймиз-ку!
— 2010 йилдан буён катта саҳнадасизлар. Уни забт этиш эса сизларни янадакўпроқ одам тан олиши кўзланган бир мақсад эди. Бугун-чи, унинг ўрнини нима эгалаган?
Жасур: — Бугунга қадар ҳам "Уммон”ни тан олмаганлар кўп. Уларнинг юракларига йўл топишимиз керак.
Зоҳид: — Энг катта мақсадларимиздан бири савиямизни ошириш. Танқидчилар бизни "Савиясиз қўшиқлар муаллифи”, деб таърифлашларига чек қўймоқчимиз. Насиб қилса, бу ниятимиз ҳам амалга ошади, деган умиддамиз.
Шахсий бекат...
Уйланиш...
Жасур: — Қачон оила қуришимизни ҳозирдан аниқ айтолмаймиз. Ўзимизга қолса, яқин йилларда уйланиш ниятимиз йўқ. Яна ким билади, балки бу йил ҳам тўй бўлиб қолар...
Аёлим санъаткор бўлса...
— (Ҳамма бир овоздан) Санъаткор бўлишини истамаймиз!
Жасур: — Менга қолса мени умуман танимайдиган қиз бўлса яхши бўларди.
Шоҳрух: — Ундай бўлса, сенга келинни ўзга сайёрадан излар эканмизда (кулади).
Зоҳид: — Ўртоқ, жуда камтарсан-да! Бўлажак умр йўлдошим менинг мухлисим бўлса йўқ, демасдим.
Жасур: — Вой, Зоҳид, ўйлаб гапирдингми? Ундай бўлса у сени эмас, ижодингни севади-ку! Масалан, мен мухлисимга уйлансам, хаёлимда "У мени севмаса-чи?” деган фикр айланаверади.
Зоҳид: — Йўқ, бу фикрга қўшилмайман.
Аниқлик киритамиз!
— Ҳамкасбларингиздан бирининг синглисига севги изҳор қилибсиз, ҳатто уйланиш ниятингиз ҳам бор экан?
Жасур: — О, бизсиз тўй бошлаяпсанми?
Шоҳрух: — Йўғ-э, ким экан? Йигитлар сизлардан яширмасам керак. Бу навбатдаги бўҳтон. Ҳеч қандай севгилим йўқ.
Тан бераман...
Жасур: — Зоҳид қилаётган ижодий ишларини мен йиллар давомида минг уринсам ҳам бажаролмасдим. Уни ҳақиқий туғма истеъдод сифатида тан оламан. Шоҳрух эса орамиздаги энг хушчақчақ йигит. Ҳорғин пайтларимизда ҳам қувноқлиги билан чарчоқларни унутишга ёрдам беради.
Зоҳид: — Жасурнинг ижро маҳоратига ҳавас қиламан. У куйлаётган рэпларни ижро этолмаслигим аниқ.
Шоҳрух: — Жасур одоби, оғир-босиқлиги, етти ўлчаб бир кесиши ва тўғри қарор чиқара олаиши билан ажралиб туради. Ичимизда масъулиятлиси ҳам айнан у. Зоҳидни эса бир соат ичида ҳам яхши қўшиқ ёза олганига гувоҳман. Тан оламан, бу иш қўлимдан келмайди.
Зоҳид: — Шоҳрух, шу жиҳатимга баъзида ўзим ҳам қойил қоламан (кулади).
Танқид қиламан...
Жасур: — Бир ерга борадиган бўлсак, Зоҳид ҳаммадан биринчи тайёр бўлса-да, негадир доим уни кутиб туришга мажбурмиз. Айтилган вақтда, айтилган ерда бўлишини истардим.
Мухлис мактуби
— Куни кеча таҳририятимизга жиззахлик Лобар Маматмуродовадан мактуб келди. Хатда ёзилишича, у шу даражада гуруҳингизнинг мухлиси эканки, ҳатто ўғлига Уммон деб исм қўйибди...
Зоҳид: — (Ўзида йўқ ҳурсанд) Бунақаси ҳали бўлмаган. Ростданми?!
Жасур: — Бундай мухлиси бўлишни ҳамма санъаткор ҳам орзу қилади.
Шоҳрух: — Гуруҳимиз номидан туғилган болакайга узоқ-умр, бахтли ҳаёт тилаб қоламиз. Ортиқча гапга тил ожиз...
Алия СУЛАЙМОНОВА суҳбатлашди