Жаҳонгир Отажонов концерт дастурида Насиба Абдуллаевадан кечирим сўради
- Категории: Yangiliklar
- Название: Жаҳонгир Отажонов концерт дастурида Насиба Абдуллаевадан кечирим сўради
- Дата релиза: 31-10-16, 19:49
Хонанда Жаҳонгир Отажонов 28-29 октябрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида ўзининг “Куз гуллари” деб номланган жонли ижродаги яккахон концерт дастурини тақдим этди.
Ушбу концерт Жаҳонгир Отажоновнинг жорий йил ҳисобидан иккинчи концерти бўлди. Концерт дастури Жаҳонгир Отажоновга хос бўлган ноодатийликка бой бўлди. Хонанданинг янги қўшиқларидан тортиб, мухлислар қалбидан жой олган хит тароналар ижросигача томошабин томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
Одатда рақссиз ўтадиган концерт дастурида бу сафар икки нафар раққос бошидан оҳиригача фалсафий маънодаги рақсларни тақдим этишди.
Концертда 8 та янги қўшиқ янгради.
Хонанда концертига меҳмон сифатида таклиф этган Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаевадан кутилмаганда кечирим сўради. Жаҳонгирнинг айтишича, унинг қайсидир таронаси устоз санъаткорнинг тароналаридан бирига ўхшаб қолган. Бироқ залга йиғилган томошабинлар айнан қайси қўшиқ ҳақида гап кетаётганини англай олишмади.
Бундан ташқари хонанда концерти давомида саҳнани тарк этиб, залнинг орқа қаторларида ўтирган томошабинларнинг олдига ҳам бир неча бор қўшиқ куйлаб борди ва бу ҳаракати учун ҳам барчадан кечирим сўради.
Дарвоқе, концертнинг бошидан оҳиригача хонандадан хоразмча йўналишда қўшиқ кутган томошабинларнинг умиди пучга чиқди. Нима учундир бу гал Жаҳонгир Отажонов концертида хоразмча куйламади.
Айтиш жоизки, концерт бу йил хонанда томонидан тақдим этилаётган иккинчи концерт бўлишига қарамай зал икки кун ҳам томошабин билан тўла бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳонгир Отажонов журналистлар учун ўтказган матбуот анжуманида бундан буён ҳар чоракда концерт тақдим этиш нияти борлигини маълум қилган.