Главная » Yangiliklar » Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди

Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди

  • Категории: Yangiliklar
  • Название: Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди
  • Дата релиза: 24-12-16, 13:55
Жиззах вилоятига янги ҳоким тайинланди

2016 йил 23 декабрь куни халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. 

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. 

Давлатимиз раҳбари Жиззах вилояти ўзининг географик жойлашуви, табиий иқлим шароити, иқтисодий, кадрлар салоҳияти билан мамлакатимизнинг тарихи ва бугунги ҳаётида ўзининг муносиб ўрнига эга эканини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Жиззах туманини Шароф Рашидов тумани деб ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилганини айтди, дея хабар беради ЎзА.  

Мустақиллик йилларида вилоят ҳар томонлама ривожланди, унинг шаҳар ва қишлоқлари янада обод бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошди. Ҳудудда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида қурилиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришда салмоқли натижаларга эришилмоқда. 

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2013 йилда ташкил этилган “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида ўтган давр мобайнида қиймати 76 миллион долларлик 14 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Ҳозирги кунда ушбу ҳудуддаги корхоналарда автомобиллар учун тормоз колодкаси, плазмали телевизорлар, музлатгич, электр печи, кир ювиш ва тикув машиналари, гилам, полипропилен ип каби юқори технологияларга асосланган, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Сессияда асосий эътибор Жиззах вилоятида амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга қаратилди. 

Вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ўз ечимини кутаётган муаммо ва масалалар анчагина. Бундай ҳолат, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида яққол кўзга ташланмоқда, деди Президентимиз. Жорий йилда вилоятда давлатга ғалла ва пахта сотиш шартнома мажбуриятлари бажарилмади. Оқибатда 37 минг тонна ғалла, 26 минг тонна пахта давлат эҳтиёжи учун етказиб берилмади. 

Вилоятнинг аксарият туманларида чет эл инвестициясини кенг жалб қилиш, ташқи бозорга чиқиш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида камчиликларга йўл қўйилаётир. Саноат корхоналарини модернизация қилиш ва технологик янгилаш, озиқ-овқат, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган янги корхоналар ташкил қилиш, қурилиш соҳасини ривожлантириш борасидаги муаммолар ҳамон бартараф этилмаган. 

Президентимиз қишлоқларда саноатни ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган кичик корхоналар барпо этиш билан аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари қониқарсиз эканини алоҳида қайд этди. Хусусан, Арнасой, Зафаробод, Зарбдор, Янгиобод, Ғаллаорол туманларида янги саноат корхоналари деярли қурилмаётир. 

Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишдаги сусткашлик, янги корхоналарни ишга тушириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар ижроси талаб даражасида эмас. 

Вилоятнинг барча туманларида аҳолини иш билан, яъни даромад билан таъминлаш имкониятлари мавжуд. Масалан, Зомин туманида доривор ўсимликлардан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг катта манбаи мавжуд бўлатуриб, бу имкониятдан етарли фойдаланилмаяпти. Бунга ўхшаш мисолларни бошқа туманлардан ҳам келтириш мумкин. 

Келгуси беш йилда вилоятда экспорт ҳажмини камида 2 баробар, экспортчи корхоналарни 2,7 марта кўпайтириш, экспортда улуши паст бўлган туманларнинг бу борадаги натижаларини яхшилаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва модернизация қилиш масаласига устувор аҳамият қаратилиши лозимлиги таъкидланди. 

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Бошқа ишга ўтгани муносабати билан Сайфиддин Исмоилов Жиззах вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси департаменти мудири вазифасида ишлаб келаётган Улуғбек Узоқов Жиззах вилояти ҳокими этиб сайланди. 

Арнасой тумани ҳокими Э.Солиев, Зарбдор тумани ҳокими И.Бобожонов, Жиззах шаҳар ҳокими А.Тўхтаев, Пахтакор туманидаги “Анвар-А” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони А.Эшматов ва бошқалар Президентимиз нутқида Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳар томонлама таҳлил этилиб, истиқболдаги долзарб вазифалар аниқ белгилаб берилганини, вилоят аҳли билдирилган танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, барча соҳа ва тармоқлар бўйича қабул қилинган дастурларни изчил амалга ошириш ва вилоятни янада обод этиш учун астойдил меҳнат қилишини таъкидлади. 

ФОТО: Газета.уз

Манба: Даракчи.уз

Логин:
Пароль: