Байрам совғалари учун ажойиб ғоялар
- Категории: Ajoyib foydali maslahatlar / juda foydali maslahatlar
- Название: Байрам совғалари учун ажойиб ғоялар
- Дата релиза: 29-12-16, 12:57
Байрам учун яқинларингизга совға ҳозирладингизми? Ҳойнаҳой совғаларни қандай ўраб, қай тариқа тақдим этишни билмай, ўйланаётгандирсиз? Ташвишланманг, биз сизни байрам совғалари учун ажойиб ғоялар билан таништирамиз. Улардан ўзингизга маъқул келганини танлаб, албатта синаб кўринг.
Ноодатийликни хоҳласангиз…
Оилангиздаги аёлларга пардоз буюмларидан (қалам, тушь, лаб бўёғи) харид қилган бўлсангиз, уларни сочиқ салфетка ичига жойлаб, тақдим этиш мумкин. Бунинг учун пардоз буюмини ўлчамига мослаб сочиққа ўранг-да, ўртасини бирор мунчоқ билан боғланг. Ёки сочиқдан тўртбурчак шакл ясаб, мато қийқимларидан тасма боғлаш мумкин. Совға эгаси қаерда ўтириши мўлжалланган бўлса, уни ана шу ерга ликопча устига қўйинг.
Эсдалик учун...
Бу ғоя бироз ҳаражатни талаб қилса-да, натижаси шунга арзийди. Ҳозир совғалар дўконларида исталган буюмга сиз истаган суратни тушириб беришади. Ана шу хизмат туридан фойдаланиб, соат, бокал, футболка ёки бирор қути устига ишлов бериш мумкин. Асосийси, суратларни танлаётганда бирор воқеани эсга солиб турадиганларидан фойдаланинг.
Чин юракдан...
Эркаклар аёлларга қараганда икки-уч қаватга ўралган совғаларни унчалик хушлашмайди. Шу сабаб турмуш ўртоғингиз ёки ўғлингизга совға тайёрлашда ортиқча дабдабага берилманг. Дейлик, бегингиз учун Ҳамён ёки соат совға қилмоқчи бўлсангиз, уни қутиси билан бир қават қоғозга ўраб, устига юрак шаклидаги қоғозчани ёпиштирсангиз, кифоя.
Чин кўнгилдан тақдим этилган совғанинг катта-кичиги бўлмайди. Асосийси, совғангиз самимий бўлсин!