Главная » Ajoyib foydali maslahatlar / juda foydali maslahatlar » Келин бўлувчи қизларга насиҳатлар
Келин бўлувчи қизларга насиҳатлар

Келин бўлувчи қизларга насиҳатлар

Келин бўлувчи қизларга насиҳатлар

Бу ҳикоя жуда ҳам машҳур ва
ибратли ҳикоядир. Ақлли
қизлар оналари ва келин
бўлувчи қизлар учун
фойдалидир.
Бу ҳикоя шундай бир қиз
ҳақидаки, унинг отаси қабила
бошлиғи, қабиладаги барча
одамлар унга итоат этади.
Онаси эса жуда ақлли, ҳаётни
яхши билган муслима онадир.
У бошлиқнинг хотини, яхши
бир оиладан чиққан она.
Машҳур ривоятга кўра, Асмо
бинти Ҳорис келин бўлиб куёв
уйига – хожасининг
хонадонига кетадиган кун
онаси Умома томонидан унга
шундай насиҳат қилинди:
“Болажоним, севикли қизим,
мени яхши тингла. Насиҳат
ҳар кимга лозимдир, ўгит
ҳаммага зарурдир. Насиҳат
билмаганга ўргатади,
билганнинг эсига солади.
Дин насиҳат билан қоим
туради. Насиҳат тинглаганлар
динни жуда яхши
ўрганадилар. Насиҳат тинглаб
юрганлар дунёда бахтли
бўладилар.
Севикли қизим, агар бир қиз
она ва отасининг
камбағаллиги сабаб эрга
берилиши керак бўлсайди, сен
ҳеч қачон узатилмаган
бўлардинг. Чунки отанг жуда
бадавлат, катта шуҳрат,
мақом ва эътибор соҳиби. Сен
шундай бир одам қизисан!..
Лекин ҳаёт бошқачадир.
Аллоҳ бизларни яратган ва
биз учун ҳаёт қонунларини
белгилаган. Ҳар бир ёшдаги
инсон Аллоҳ белгилаб берган
қонунлар чегарасида ҳаётини
ўтказади. Аллоҳнинг қонунига
кўра, ҳаётга қадам қўядиган
вақт келганда, ҳар бир қиз
бир хожага, ҳар бир хожа бир
аёлга муҳтож бўлади.
Эркаклар хотинлар учун,
хотинлар эркаклар учун
яратилгандир. Яъни, хотин
бир эркак билан, эркак эса
хотин билан дўст, маҳбуб ва
маҳбуба бўлиб оила қуришга
муҳтож шаклда яратилгандир.
Бу Аллоҳнинг қонунидир. Бу
қонунни ҳеч ким буза
олмайди. Бу қиёматга қадар
давом этади.
Шу сабабли сен туғилиб ўсган
ва вояга етган уйингдан,
яйраб-яшнаб, ўйнаб юрган
ерингдан чиқиб ўзинг
билмайдиган, нотаниш бир
уйга борасан. Шунга қадар
ўзинг яхши билмаган инсон
уйига, ўз уйинг бўладиган уйга
борасан.
Суюкли қизим, кўзимнинг
нури! Сен ул зотга (эрингга)
шундай хизмат қил. Сен унга
ер бўлки, у сенга осмон
бўлсин. Сен хожангга бир уй
бўл, у сенга устун бўлсин!
Қизим! Энди сенга айтадиган
ўгитларимга қулоқ сол.
Буларни доим ёдингда тут:
1. Қаноат соҳибаси бўл. Ўз
ҳолингга шукр қил. Эринг уйга
нимаики олиб келса, у хоҳ
ейдиган, хоҳ киядиган нарса
бўлсин, хушфеъллик билан,
гўзал одоб билан қабул қилиб
ол! Эрингга ташаккур айтиб
хушнудлик кўрсат. Зеро,
бахтли ҳаёт кечиришнинг бир
йўли ўз ҳолига шукр
қилишдир. Ҳолига шукр
қилмаган, ўз нафсини
тиймаган кишида кўнгил
ҳузури, қалб роҳати бўлмайди!
2. Эрингга итоат қил, “қил”
деганини қил, “қилма”
деганини қилма! Эринг билан
суҳбатлашганда, мулоқотда
бўлганда итоатли эканингни,
унинг сўзларини одоб билан
тинглаб адо этишингни сенинг
қулоқ солишингдан тушуниб
оладиган бўлсин. Агар шундай
бўлсанг, Аллоҳ таоло сендан
рози бўлади, уйингиз саодат
нуридан порлоқ бўлади.
3. Эрингнинг кўзи тушадиган
жойларга яхши эътибор бер!
Яъни, уйнинг ичини,
ташқарисини ниҳоятда тоза
тут. Шундай қилки,
хожангнинг кўзига бир
чиркин ер кўринмасин.
4. Уст-бошингни тоза тут.
Эринг фақат хушбўйни сезсин,
димоғига ёмон ҳид келмасин.
Чунки ёмон ҳид эринг кўз
ўнгида сенинг обрўйингни
туширади, сендан ирганишига
сабаб бўлади. Шуни билки,
тозалик ва зийраклик энг
зарур хислатлардир.
5. Овқатни вақтида тайёрла.
Яъни, овқатланиш вақтини
зинҳор кечга сурма. Эринг
қачон овқатланишга ўрганган
бўлса, ўша пайтга овқатингни
тайёрла. У келиши билан
дарҳол дастурхон сол. Шуни
яхши билгинки, очлик
инсоннинг жаҳлини тез
чиқаради.
6. Ухлаш ва уйғониш вақтини
яхши билиб ол! Яъни, унинг
қачон ётиш пайти бўлса,
ўрнини тайёрлаб қўй.
7. Хожангнинг моли ва
ашёларига жуда эътиборли
бўл! Унинг мол-дунёсини яхши
сақла, буюмларини, мол-
мулкини авайлаб асра. Чунки
унинг мулки сеникидир.
8. Эрингнинг қариндоши ва
яқинларига ҳурмат кўрсат! Бу
билан унинг эътиборини
қозонасан. Уларни ҳурмат
қилиш хожангни ҳурмат
қилиш демакдир. Бу эса қадр
ва эътибор қозонишдир.
9. Эрингнинг сирини
бошқаларга айтма! Агар айтиб
қўйсанг, ишончингни
йўқотасан. Бунда оиланг
бузилади, ҳамжиҳатликка
дарз кетади.
10. Эрингнинг динга тўғри
келган барча буйруқларини
адо қил. Ҳеч қачон унга
нисбатан итоатсизлик қилма!
Шуни яхши билиб олгинки,
хожанг хафа бўлганида сен
хурсанд бўлишдан, у хурсанд
бўлганида сен хафа бўлишдан
жуда эҳтиёт бўл. Чунки бу
билан унинг қувончи ва
дардига шерик бўлмаслигинг
кўриниб қолади ва бир
қусурни ўртага ташлайди. Бу
эса фаҳмсиз ва тарбияси ёмон
одамларга хос ишдир”.
Изоҳ ва ўгит
Бу ўгитлар оила қурган ва
турмушга чиқиш арафасидаги
ҳар бир қизга керакдир.
Қаноат соҳибаси бўлиш
турмуш қурмоқчи бўлган ҳар
бир аёлга лозимдир. Эрга
итоатда бўлиш, уйида тотув
бир ҳаётда яшашни истаган
ҳар бир аёл учун сув ва
ҳаводек зарур.
Эрининг кўзи тушиши мумкин
бўлган ерларга яхши эътибор
бериш, эрни ўзига меҳр
риштаси ила боғлаш
демакдир, уйга боғлаш
демакдир.
Қанчалаб гўзал чеҳрали, гўзал
қоматли ёш аёлларни
биласиз-ки, уларни
танимайсиз-ки, андишасиз
ёки танбалликлари учун
эрлари тарафидан
севилмайдилар ва
ардоқланмайдилар...
Бадбўй жойларни тозалаш
эрнинг қалбини ўзига ром
этмоқ демакдир.
Хушбўй ҳид келмайдиган аёл
қанча гўзал бўлса ҳам одамни
жиркантиради. Оқшомлари
эрини доғ дастурхонлар, ёғли
либослар билан кутиб олиш
ақлли хонимларга тўғри
келмайди.
Оталаримиз “жон бўғиздан
чиқади”, дейдилар. Режали
оила ҳаёти жаннат ҳаётидир.
Аёл эрига, унинг одат ва
қизиқишларига эътибор
бериши, шу йўл билан оила
тинчлиги ва хотиржамлигини
таъминлаши керак.
Эрининг мол-мулки оиланинг
мол-мулкидир. Уйда эр
мулкини тежамайдиган,
сақлашни билмайдиган хотин
бу уйнинг ҳақиқий бекаси
бўлиши қийин. Эрининг
мулкини тежаш ва сақлашни
ўрганиш ва бу йўлда тўғри
ҳаракат қилиш ҳар бир
хотиннинг бахти учун ўта
зарурдир.
Ота-боболаримиз “гулни
севган, тиконини эъзозлайди”,
дейдилар. Эрининг
қариндошларини иззат ва
ҳурмат қилишни билмайдиган
аёл ҳузур-ҳаловат ичида
яшашни билмайдиган аёлдир.
Гул севилиб, тикан
севилмайдими? Тиканни ҳам
иззат қилмаган, гул исидан
бебаҳра қолади. Эрининг
қариндошлари, яқинларига
ҳурмат кўрсатишни билмаган
аёл хожасининг кўнглини
ололмайди...
Эрининг сирларини билиб
олиб, уларни сақлай олмаган
хотин “хотин” дейилишга
нолойиқдир. Эр сирини
қалбининг энг тубида
сақлашни билган ақлли
хотинлар ўз оилаларида ҳузур
ва роҳатда яшайдилар.
Эрининг сирини ичида сақлай
олмаган хотин ландавур ва
бадбахт хотиндир. У эр
нафратига учраб, хунук
кўринади. Эр-хотин
ўртасидаги сирлар фош
бўлган оилада барака
бўлмайди. Ўзаро ишонч
бўлмаган оилада ахлоқ ҳам
бўлмайди...
Эр сўзига қулоқ солмаган,
унинг шариатга мувофиқ
келадиган ишларини
қилмаган итоатсиз хотинлар
жаҳаннамга ўтин бўладилар.
Агар хотиндан эр мамнун
бўлса, у хотин жаннатга
киради, иншааллоҳ. Ҳадисда
шундай дейилган. Жаннатга
кирадиган хотинлар эр сўзига
қулоқ солувчи, эриниг динга
тўғри келадиган амрларини
бажарувчи хотинлардир.
Эрининг юзига жаҳл билан тик
қараб, сўзига қулоқ
солмайдиган хотинларни
аянчли оқибат кутиб туради.
Боболаримиз “онасини кўр,
қизини ол”, деганлар. Ҳар бир
она қизига ўрнак бўлиши
шарт! Эй аёл, сен қизингни
ахлоқли, ҳаёли, эрига итоатли,
ақлли қилиб вояга етказ-да,
Аллоҳга топшир, бахтни
берувчи Аллоҳдир! Бахту
саодатни бундан бошқа ердан
қидириб юрма!
Юсуф Товаслийнинг
“Ҳикматлар хазинаси”
китоби асосида тайёрланди


Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: