Никоҳга мажбурлаш ҳукми ҳақида
- Категории: Ajoyib foydali maslahatlar / juda foydali maslahatlar
- Название: Никоҳга мажбурлаш ҳукми ҳақида
- Дата релиза: 13-12-16, 20:43
— Акам 24 ёшда. Ота-онам «Оила қуриш вақти келган», деб холамнинг қизини акамга олиб беришмоқчи. Аммо акам бунга қарши. Ҳамма қавм-қариндошларнинг хоҳиш-истаги шу. Агар акам у қизга уйланмаса, онам ва холам ўртасида дилхираликлар ҳам келиб чиқиш эҳтимоли бор. Ота-онам фарзанд учун падари бузруквори ва онасининг айтгани қонун экани, уларнинг розилиги учун фарзанд уларнинг айтаганини қилиши шарт эканлигини таъкидлашмоқда. Аммо акам ҳам диндан далил келтиради ва мажбуран уйлантириш, қиз ёки йигит норози бўлса, оила қуриш ножоизлигини айтмоқда. Ота-онам розилиги учун акам кўнглига қарши чиқсинми ёки ота-онамни бу ишдан қайтарайликми?
Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.
— Йигит ўз холасининг қизига уйланиши шаръан жоиз бўлса-да, бу ишга тарғиб қилинмайди. Сабаби кўп ҳолларда яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ алоқалари носоғлом болалар туғилишига сабабдир. Яна бунда никоҳ давомли бўлмаса, қариндошлар бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетиши хавфи бор. Шу сабаб яқин қариндошлар ўртасидаги қудачилик алоқаларидан имкон қадар сақланиш афзал.
Масаланинг иккинчи жиҳати шуки, йигит ва қиз оила қуришда ўз хоҳишларига қараб жуфт танлашлари жоиз. Жумладан, йигит ўзига ёққан қизга уйланиши мумкин.
Йигит ҳам уйланишда мажбурланмайди. Агар мажбуран никоҳ қилинган тақдирда никоҳ саҳиҳ (тўғри) бўлса ҳам, оила мустаҳкам бўлмаслиги мумкин. Никоҳга мажбурлаш оқибатлари ҳаммамизга маълум. Кўнгил қўймаган қизга уйланган йигит у билан бахтли-саодатли ҳаёт кечира олмайди, ота-онасининг орзулари қулига айланади, бечора қизнинг бахтига зомин бўлади.
Шариатда оилалар мустаҳкамлиги ва талоқнинг олдини олиш учун чора-тадбирлар кўрилган. Шулардан бири оила қураётганларнинг бир-бирларини гувоҳлар ёрдамида кўришларидир. Агар бу каби ишларга рухсат берилмаса, тўйдан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ажралишлар сони кўпайиб кетган бўларди.
Хуллас, шариатда йигит ёки қизни оила қуришга мажбурлаш йўқ. Аммо йигитлар хоҳлаган қизга ёки қизлар ўзи истаган йигитга турмушга чиқиши мумкин экан, деб буни суиистеъмол қилмасликлари лозим. Энг афзали ота-она ва фарзандлар келишиб иш қилсинлар. Йигитлар шундай йўл тутсинларки, совчи қўймоқчи бўлган жуфтлари ўзларига ҳам, ота-оналарига маъқул келсин.
Manba: Darakchi.uz