Ота-онасини «бобой», «момой» дейиш гуноҳми?
- Категории: Ajoyib foydali maslahatlar / juda foydali maslahatlar
- Название: Ота-онасини «бобой», «момой» дейиш гуноҳми?
- Дата релиза: 07-12-16, 20:37
— Агар одам ўз ота-онасини момой, бобой деса, масалан, олдиларида эмас, бегоналар билан гаплашаётганда, «Бизнинг отамиз», демай, «Бизнинг бобой», деса, гуноҳкор бўладими?
Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.
— Аллоҳ таоло мусулмон бандани ота-онасига яхшилик қилишга, уларга чиройли муомалада бўлишга буюрган: «(Эй инсон,) Парвардигоринг, сизларга Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» дема ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт!» (Исро, 23). Ушбу оятда, Аллоҳ аввало Ўзигагина ибодат қилишга, ибодатда бирон нарса ё кимсани шерик қилмасликка чақириб, ундан сўнг ота-онага яхшилик қилишга амр қилмоқда. Яхшилик қилиш барча солиҳ амаллар ва чиройли муомалани ўз ичига олади. Шу билан бирга банда ота-онасини хафа қиладиган сўзларни айтмаслиги, уларга «уф» демаслиги, фақат ширинсуханлик ила муносабатда бўлиши лозим.
Ота-онасига «бобой-момой» деб гапиришда адабсизлик, ҳурматсизлик ва уларга нисбатан гўёки тепадан туриб сўзлаш бор. Бу яхши эмас. Зеро, бу сўзларни эшитган ота-она фарзанди уларни ҳурмат қилмаслигини билиб, ичдан эзилади. Бу сўзлар ота-онасига қанчалик оғир ботишини фарзанд тушунармикан?! Тушунади, қачонки қариганида боласи ҳам уни шундай чақирса, ўшанда. Аммо ўша вақтда тушунишдан наф бормикан? Ўзбек тилининг изоҳли луғатида «бобой» сўзи «қари киши, чол», «қарияларга бироз кибр аралаш мурожаат шакли» дея изоҳланган. Демак, ота-онасини «бобой-момой» дейдиганлар, аввало ўзлари кибрга йўл қўйган ва ота-онасига ҳурматсизлик қилган бўладилар. Баъзилар кибрланиб, отасини «пахан», онасини «мамашка», дейди. Шундай деб худди уларнинг обрўсини кўтаргандек тутадилар ўзларини. Аслида эса бу қилмишлари оқибатида ота-онанинг қалбига озор етиши, фарзандан хафа бўлишлари ҳеч гап эмас. Тўғри, шариатимизда банда бир тилда гапириши шарт қилинмаган. Ким қайси тилда хоҳласа ўша тилда гаплашади. Аммо рус тилида гапирдими, бошқа сўзларни ҳам ўша тилда ифодаласин. Ўзбекча сўзлай туриб, орада баъзи русча сўзларни кибр-мақтанчоқлик учун ишлатиш, хусусан, «мамашка», «мамуля», «пахан» каби сўзларни қўллаб ўз ота-онасини назарда тутиш ўта одобсизликдир. Буни қатъий ҳаром ва катта гуноҳ иш демаймиз. Аммо ояти карима маъносидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкин-ки, фарзанд ота-она қалбига оғир ботадиган ҳар қандай сўздан тилини тийиши, мушфиқ ота-онасини, уни болалигидан еру кўкка ишонмай, авайлаб катта қилган инсонларни ҳурмат қилиши, мулойим ва чиройли сўзлар билан мурожаат этиши шарт!
muxlis.uz сайтидан олинди.