Уй бекалари учун бахтли турмушнинг 8 сири
- Категории: Ajoyib foydali maslahatlar / juda foydali maslahatlar
- Название: Уй бекалари учун бахтли турмушнинг 8 сири
- Дата релиза: 07-12-16, 20:43
Одамларнинг дунёқарашига ўрнашган қолип, бу — аёл уй бекаси. Камига, баъзи эркаклар уни хизматкор ва энага ролида кўришади. Уй бекаларига карьера қилиш керак эмас, улар зерикарли, навбатдаги сериални кутишу ошхонада куймаланиш билан кифояланадигандек. Аслида улар ҳам жамиятда ўз ўрнини топган аёллар сингари ақлли, ўз сўзига эга. Икковининг фарқи шундаки, ўз мақсади сари белгиланган йўлдан боришга қарор қилишган. Уй бекаси бўла туриб ҳам эркак кишининг доимий диққат-эътиборида бўлишни уддалаш у қадар муаммо эмас!
Биринчи сир: ташқи кўриниш!
Аёл доим кўзни қувнатадиган даражада гўзал бўлиши лозим. Бирон ишда ишламаслигингиз «ёғ теккан халатда юриш учун имкон» дегани эмас! Сизга биринчи навбатда баҳо берадиган эрингиз. Шундай экан, у сизни бошқа аёллар билан қиёслашига имкон яратманг. Гўзаллик салонларига қатнашни канда қилманг. Уйда бўлишингизга қарамай, енгил пардоз қилиб олинг.
Иккинчи сир: истак...
Уй бекалари одатда хоҳиш-истакларини ичга ютиб, ўзи учун янги либос, пардоз воситалари харид қилишдан кўра уйга зарур маиший воситалар сотиб олишни афзал кўришади. Бу билан фақатгина намунали рафиқа бўласиз, холос. Гоҳида «керак эмас» сўзини «истайман»га алмаштириш зарар эмас. Қанча латофатли бўлсангиз, турмуш ўртоғингиз атрофингизда шунча кўп гирдикапалак.
Учинчи сир: шахсий вақтингиз
Уй бекасида вақт муаммосиз деган фикр ҳам йўқ эмас. Аслида сира охири кўринмайдиган уй ишларини бажариш ҳам ИШ! Шундай экан, шахсий вақтингиз ҳақида унутманг! Уларни фақат ўзингиз учун сарфланг. Масалан, гўзаллик салонига боришингиз ё дугонангиз билан кинога, театрга тушишингиз мумкин. Турмуш ўртоғингиз аъло кайфиятда юрган рафиқасини пайқамай қолмайди. Қарши жинс вакиллари уй ишларига кўмилган эмас, балки ҳушчақчақ, очиқ чеҳрали аёлга эътибор қилишни исташади.
Тўртинчи сир: қизиқишларингиз
Ақлли аёл бўш вақтининг барини сериал кўришга сарфламайди. Ўз устингизда ишлашга, хоббингиз билан шуғулланишга ҳам одатланинг. Бу билан ижодий қобилиятингизни ҳам шакллантирасиз.
Бешинчи сир: феъл-атвор
Яна бир қолип — уй бекаси жиззаки ва жанжалкаш ёки ўз фикрига эга бўлмаган қобилгина рафиқа деган фикр. Мазкур қолипдан чиқиш учун олтин ўрталикни топинг! Турмуш ўртоғингиз билан суҳбатлашаётганда ўз фикрингизда қолинг ва унинг ҳурмат қилишига эришинг. Бироқ буни мулойимлик билан тушунтиринг.
Олтинчи сир: эътибор
Турмуш ўртоғингиз учун мазали таом тайёрлаб қўясиз, аммо бу унинг учун одатий ҳол. Бажарган иши учун маош оладиган фаррош эмассиз-ку, шунчаки меҳнатингизни ширин сўз билан эътироф этилишини истайсиз. Шунинг учун буларнинг барини мажбурият юзасидан эмас, эрингизга бўлган муҳаббат билан бажаришингизни тушунишига имкон беринг.
Еттинчи сир: турмуш ўртоғингиз ҳаётидаги ўрнингиз
Сизнинг қўллаб-қувватлашларингизсиз турмуш ўртоғингиз тушкунлик ботқоғига ботиб қолган бўларди. Баъзида буни унинг ўзига айтиш ҳам зарар қилмайди. Ахир, сиз ҳам рафиқа, ҳам она ва қийин вазиятларда маслаҳатгўйсиз. Уй бекаси сифатида бор кучингизни оилангизга сарфлаяпсиз. Демакки, турмуш ўртоғингизнинг ҳаётида муҳим роль ўйнайсиз!
Саккизинчи сир: сиз уддабуронсиз!
Уй бекаси бўлиш билан бирга турли юмушларни бажариш имкониятига ҳам эгасиз. Яқинларингизга ғамхўрлик қилиш, ўз устингизда ишлаш, гўзаллигингизга урғу бериш... Шундай экан, ҳар қандай ишбилармон аёл сизнинг шахсий ўсишингизга ҳавас қилади! Энг муҳими, ҳамкасбларсиз ҳам зерикмайсиз. Бундан чиқдики, сизни зерикарли уй бекаси дейиш ноўрин!
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади
Manba: Darakchi.uz