«Ўғлим уйланишни истамайди...»
- Категории: Ajoyib foydali maslahatlar / juda foydali maslahatlar
- Название: «Ўғлим уйланишни истамайди...»
- Дата релиза: 13-12-16, 20:46
— Ўғлим 28 ёш. 5 йил аввал ўзи кўнгил қўйган қизга уйлантириб қўйдим. Аммо келиним билан келишолмай ажрашиб кетишди. У ёлғиз қиз бўлгани учун жуда эрка, тантиқ ўсган. Кўнглига келган нарсани муҳайё қилмасанг, дарров аразлаб оларди. Тонгда ҳеч кимга бир сўз демай отасиникига чиқиб кетиб, шомда кириб келарди. Ўғлим бир гапирди, икки гапирди. Ҳатто ўз онаси ҳам тантиқ қизини йўлга сололмагач, ўртада фарзанд борлигига ҳам қараб ўтирмай алоқаларни узди. Мана, ажрашишганига ҳам икки йил бўлди, лекин болам қайта оила қуришни истамаяпти. «Хоҳласанг, хотининг билан яраш, бўлмаса бошқа қизникига совчиликка борай», десам ҳам, ҳеч унамаяпти. Ўзимга қолса, келиним билан яшагани яхши эди. Ахир минг қилса ҳам, кўз очиб кўргани-да. Бу қулоқсиз боламга уйланиши лозимлигини уқтиролмаяпман. Умр эса ўтиб бораяпти. Маслаҳат беринг, нима қилай?
Ирода, 54 ёш, Бухоро вилояти
Қайнонажон: — Сингилжоним, энди бироз ўғилни ўз ҳолига қўйинг. У зада бўлганга ўхшайди. Боласига ичи ачийди, бироқ орқага йўл йўқлигидан эзилади. Кўнглига бошқа биров сиғармиди... Вақт — ҳакам! Ҳар дарднинг давоси ҳам вақт. Тергаманг, «Қачон уйланасан?» деб гапираверманг. Унга ҳам осон тутманг. «Истасанг, хотининг билан яраштириб қўяман...» деганингиз яхши гап. Зора ўтган икки йиллик айрилиқ уларни ҳушёр торттирган бўлса. Ҳар ҳолда ўртада фарзанд бор. Унга ўз онаси, ўз отаси керак. Имкон қадар оиласини тиклашга ҳаракат қилиш лозим. Балки тоға-амакилар ёки яқин дўст-жўраларини ишга соларсиз. Фақат мажбурлаб эмас!
Шаҳноза ХАЛИЛОВА, руҳшунос: — Менимча, она сифатидаги хавотирларингиз ўринли. Тўғри, инсон бошдан кечирган омадсиз тажрибасидан кейин ўзига келиб олиши учун бироз вақт талаб этилади. Бироқ йигит киши учун икки йил керагидан ортиқ мухлат, чамамда. Масъулият юкламайдиган, енгил ҳаёт тарзига кўникиб қолса, одатий турмушга қайтиши бироз мураккаб кечиши мумкин. Демак, ўғлингизнинг истаги вақтинчаликми ёки доимий эканлигига ойдинлик киритиб олиш даркор. Муаммони отаси ёки эркак қариндошлардан бири билан муҳокама қилишига имкон яратинг. Баъзи ҳолларда йигитлар «Барибир, ҳеч ким онамнинг кўнглини топа олмайди, яна тушунмовчиликлар авж олади» деган фикр билан ҳам оила қуришни ортга суришади. Унга оиласини тиклашни ёки бошқа қизлар билан учрашишни таклиф қилишдан чарчаманг. Бу вазиятда вақтнинг ўтиши фақат зиёнга ишлайди.
Саодат ОЧИЛОВА ёзиб олди.
Manba: Darakchi.uz