Главная » Ajoyib foydali maslahatlar / juda foydali maslahatlar » Қўш келиннинг бахти бўлинганми?
Қўш келиннинг бахти бўлинганми?

Қўш келиннинг бахти бўлинганми?

Қўш келиннинг бахти бўлинганми?
Уйингиз остонасидан кўзларни қамаштириб бири қуёш, бир ой мисол келинчаклар кириб келишди. Уларнинг ҳам бу ташрифи узоқ орзуланган, аммо алоҳида кутилганди. Аммо тақдир ва вақт, ҳолат ва имконият икки алп ўғлингизни бирваракайига уйлантириш, келинларни жуфт олишга сизни ундади. Қувончингизнинг чеки, ҳаяжонингизнинг адоғи йўқ, шу билан бирга жиндек хавотир ҳам бор. Чунки, «қўш келин тушириш» мавзуси атрофида турли хил гап-сўзлар юради. Кимдир “чилла тушади” деб ирим қилади, кимдир хосиятидан қўрқади, яна кимдир “ҳеч нарса бўлмайди, тўйни бошлайвер” деб сизга далда бўлади. Биз анна шу мавзуда кўпчиликнинг фикрини ўргандик ва фикрларнинг кескин равишда бир-биридан фарк килишига амин булдик.



Муяссар Сойипова, 64 ёш, Тошкент: Қўш келин туширганларни гап қилиш эмас, балки уларга хавас қилган яхши. Авваламбор ўғилларнинг борлиги, яна уларнинг олдинма-кетин дунёга келиб, уйингизни тўлдирганига шукр қилиш керак. Бирининг бўйи биридан, иккинчисининг ақли кейингисидан ўзаман деб турган йигитларнинг тақдири бир вақтда кулдими, демак бахти ҳам ўзига яраша бўлади. Ҳасан-Хусан эгизакларим дунёга келганида бефарзанд аёлларнинг қўлига берманг, дейишган. Мен бундай гап-сўзларга эътибор бермаганман, ахир уларнинг айби нима, дардни Яратганнинг ўзи беради-ку! Ўғилларимни уйлантириш вақти-cоати етганида бир уйдан эмас, турли хонадондан келин қидираверганман. Тақдирни қарангки, уларнинг ҳар иккисига ҳам шифокор қизларни келин қилишга муяссар бўлдим. Оллоҳга беадад шукр, кўпчилик бирида фарзанд бўлса, иккинчисида бўлмайди, деб ҳисоблайди. 40 кун фарқи билан Ҳасан ва Камолахон қиз фарзандли, Хусан ва Гулнозахон ўғил фарзандли бўлишган. Бир эмас, икки келин уйингизда елиб-югуриб хизмат қилиб, бири чой қуйса, бири овқат сузиб турса, қанчалик чиройли манзара. Ҳозир Камолахон келинимнинг уч ўғил, бир қизи бор, ўзи эса нервпатолог, тиббиёт фанлари номзоди. Гулнозахон келиним эса терапевт шифокор бўлиб ишлайди, уч нафар ўғли бор. Агар ўғилларим эгизак бўлмаганида ҳам, тақдир тақозо қилганида ҳеч иккиланмай қўш келин қилардим. Фақат Яратганнинг ўзига таваккал қилиб, кўнгилни хотиржам қилиш керак.

.

Муҳтарам Зияева, 48 ёш, Қўқон: Эгизак фарзандларнинг йўриғи бошқа. Чунки уларни Яратганнинг ўзи тақдирини эгиз қилган. Ҳасан-Хусан ва Фотима-Зуҳраларнинг биргаликда тўйи бўлишида ҳеч бир муаммо бўлганини билмайман. Мен билган, эшитган ва кўрган қўш келинли тўйларнинг купчилиги, негадир хосиятли бўлмаган. Бири бахтли яшаб кетса, иккинчиси ажрашади, бирида фарзанд бўлса, кейингиси бефарзандликдан азият чекади. Ёки эр-хотинлардан бири оғир касал бўлади, эрта вафот этади... “Бахти бўлинади” деган гап тўғрига ўхшайди.



Олимжон Алиев, 26 ёш, Фарғона: Тошкентда шифокорликка ўқиганим учун уйдагилар “уйлантирамиз” дейишса, ортга суравердим. Чунки, ҳали ўқишни тугатмасдан, магистратурага кирмасдан, иш бошламасдан туриб оила қуришга вақтли эди. Бу орада укам ҳам 25 ёшга кириб қолди. Унга бўлажак келин ҳам аллақачон тайин эди. Онам бизни бир кўз билан тарбиялаб, катта қилган, у киши тезроқ келин кўриб роҳат топсам, деб орзу қиларди. Бу орада менга пойтахтда иш таклиф қилишди, эндиликда уйлансам ҳам шу ерда қолишимга тўғри келарди. Қидира-қидира мен ҳам жуфтимни учратдим, бўлажак рафиқам ҳам пойтахтда тахсил олади. Тўйни ўтказиш маслаҳатини қилаётиб, менда укам иккимиз биргаликда никоҳ тўйи қилсак-чи, деган фикр уйғонди. Бундан максад фақат молиявий иқтисод қилиш эмас, балки онамни ёлғиз қўймаслик, бағрини бирдан тўлдириш эди. Оз вақтдан сўнг бизнинг уйга ҳам қўш келин тушади. Кўпчиликдан турли гап-сузларни эшитяпман, уларга эътибор бермасликка ҳаракат қиляпман. Чунки мен Фарғонадаги тўйимиздан уч кун аввал пойтахтдаги ёр-биродарлар, яқинлар даврасида ҳам кичик тўй ўтказаман.



Жавоҳир Тўраев, 28 ёш, Сирдарё: Одамлар орасида бирор бир гап бежиз тарқамаслигига ишонаман. Чунки, икки синфдошим ака-укаси билан бир кунда уйланган. Биринчи синфдошимнинг укаси билан бирга тўйи бўлганда, биз бўз йигитларга ҳам жуда қизиқ бўлган. Икки марта ошга, икки марта куёвнавкарга борганмиз. Тўйхонага кириб келиш ҳам жуда чиройли кўринган. Ўша тўйдан кейин ҳаммамиз тўйларимизни қўша қилсак бўларкан, деб уйлагандик. Иккинчи синфдошим айнан ўша дўстимизга хавас қилиб, акаси билан бирга бир кунда уйланишга рози бўлган. Минг афсуски, ҳозир биринчи синфдошимнинг 2 ўғли бор, аммо укаси ҳали фарзандли булганича йук. Кейинги дўстимизнинг акасида бир ўғил, бир қиз бор, синфдошимизда эса ҳали янгилик йўқ...



Қодир Сувонов, 61 ёш, Тошкент вилояти: 6 нафар фарзандим бор, бешови ўғил, биттаси қиз. Очиғини айтсам, катта ўғилларимни уйлантирадиган пайт келганда қўлим калталик қилган. Уларнинг ёши орасидаги фарқ эса 1 ёш эди. Ўша пайтда ака-опаларим бир дастурхон ёзганингда икковини ҳам уйлантир, учинчи-тўртинчи ўғлинг ҳам ана-мана дегунча уйланадиган бўлиб қолди, деб қўш келин тушириш маслаҳатини беришган. Аёлим совчиликка бориб, патир синдириш олдидан қўш келин қилиш ниятида эканлигини айтса, кўпчилик эътироз билдирган. Ўзимизга ўхшаган, тенгимиз бўлган, фикримиз мос келадиган одамларни топиб, қуда бўлганмиз. Тўй арафаси ва тўйдан кейинги чилла даврида хотиним аёллар билан кенгашиб, барча ирим-cиримларини амалга оширган. Биринчи йили кичик ўғлим қизли бўлиб, каттасида фарзанд бўлмаганда, эр-хотин «хато қилдикми» деб роса ўйланганмиз. Минг марта шукр, кейинги йили улар ҳам фарзандли бўлишди. Иккала ўғлим ҳам бир-бирига эш бўлиб, ҳозирда ҳамкорликда тадбиркорлик қилишмоқда.



Муқаддас Ҳайдарова, Сирғали тумани бош отинойиси:

Қўш келин тушириш борасида динимизда ҳеч қандай монеликлар йўқ. Қайтага динимиз ихчамлик, исрофгарчиликсиз ўтказиладиган, одамларни хайр-оқибатга чақирадиган тўй қилишни тарғиб қилади. Ота-оналаримиз фарзандларининг мос жуфтини топиб, ҳамма учун фойдали, ибратли бўладиган тарзда элга дастурхон ёзганларида ҳикмат катта. Муҳаммад алайҳиссалом келин-куёвнинг никоҳ тўйи маросимини битта қўй сўйиб бўлса ҳам маълум қилиш кераклигини айтганлар. Никоҳ тўйлари аслида тўй бўлаётган хонадоннинг қизи ва ўғлидан бошқа биров умидвор бўлмасин, деган мақсадда қилинади. Оилавий ҳаётни бошлаш арафасида турган ёшларнинг тақдири ҳақида бугундан башорат қилиш “шумланиш” дейилади. Динимиз иримлардан қайтаради. Чунки тақдир Оллоҳдан. Ҳукуматимиз, вилоят, туман ҳокимликлари, жамғармаларимиз томонидан қўша-қўша, ўнлаб келин-куёвларимизнинг никоҳ тўйлари ўтказилмоқда. Минг шукрки, бундай никоҳ тўйлари ёшларнинг ҳам, уларнинг яқинларининг ҳам мушкулини осон қилиб, бутун умр ёдида қоладиган воқеа бўлмоқда.



Қўш келин тушириш билан боғлиқ одатлар
«Молёяр» маросимидан кейин келинларнинг ясатилган уйини кўргани келганларга фақат биттасиники кўрсатилади.

Одамлар фикри: Бириникига кирган меҳмон иккинчисиникига кириши мумкин эмас, «чилла бузилади» деб ҳисобланади. Аслида бунинг таг маъносида “турли солиштиришлардан асраш” ётади. Чунки, келин томонларнинг ҳар бири ўз диди ва имкониятига яраша сарпо-суруқ, мол-мулк қилади. Уларнинг нархи, сифати, кўринишида тафовутлар бўлиши табиий. Одамлар беихтиёр чиллали уйда ғийбатлар ва миш-мишларни авж олдирмасликлари, кейинчалик қайнона-қайнота, келин-куёвлар кўнглини бузмасликлари учун шу одатга амал қилишади.
Ҳар бир жуфтликка алоҳида ва тўлиқ никоҳ ўқиш шарт.

Одамлар фикри: Никоҳ осмонларда ёзилиб, сўнг ерга тушади. Никоҳ ўқилиб, томонлар бир-бирига жуфти ҳалол бўлганларида никоҳ бахт қуши, ёшларнинг фақат биттасининг бошига қўнар эмиш. “Бахт бўлинади” деган фикр мана шу гапдан келиб чиққан.
Тўй тугаганидан сўнг, тўйхонадан уйга кириб келаётганда аввал катта куёв ва келин кириб келади. Сўнг хонадон дарвозаси ёпилади. 15-30 дақиқа фарқи билан кейинги келин-куёв учун дарвоза очилади ва янгидан пойандоз ёзилади.

Одамлар фикри: Ҳар бир янги келин ўзи билан хонадонга қут-барака, ризқ, авлод олиб келади. Бахти-ризқи ўзиники бўлсин, шу уйларни хуш оқибатлар билан тўлдирсин, бахти бутун бўлсин.
Тўйдан кейинги чилла даври қоидаларига ҳам ниҳоятда изчиллик билан амал қилиниши шарт.

Одамлар фикри: Икки жуфт келин-куёвларнинг дастлабки оилавий ҳаётини, келинларнинг хизмати, муомаласи, сепини кузатиб, таққослаб турувчилар ҳам кўп бўлади. Шунинг учун улар қоронғида юрмасликлари, бегоналар билан кўришмасликлари жоиз.



Қўш жуфтликларнинг бахтли яшаб кетиши аслида иримларга эмас, қайнона-қайнотанинг уларга бўлган муносабатига кўпроқ боғлиқ. Жазму журъат қилиб, икки уйнинг турумини бузиб, жуфт келинларни уйингизга олиб келган экансиз, бундай қўшалоқ қувончнинг ўзига яраша бадали бор, бир вақтнинг ўзида икки ҳисса сабр, икки карра кўпроқ келинлар, қудалар билан муомала-муроса қилиш керак. Бармоқларимиздаги изларнинг ўхшаши бўлмаганидек, оилалар тақдирини доимий равишда бир-бирига солиштириб ҳам бўлмайди, шунинг учун ҳам уларнинг ҳар бирига алоҳида ёндашув керак.

Жуфт бўлсин ёки икки жуфт бўлсин, ҳар бир ёш оиланинг ўзига аталган қўша-қўша бахту cаодати бўлсин!



Азиза Қурбонова
Manba: Darakchi.uz

Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: