Главная » Hikoyalar » «Келинимни ўгайликда айблаб, хато қилдим…»
«Келинимни ўгайликда айблаб, хато қилдим…»

«Келинимни ўгайликда айблаб, хато қилдим…»

  • Категории: Hikoyalar
  • Название: «Келинимни ўгайликда айблаб, хато қилдим…»
  • Дата релиза: 05-12-16, 12:18
«Келинимни ўгайликда айблаб, хато қилдим…»
«Ҳузурингизга келишимдан мақсад дардимни дастурхон қилиш эмас, — деб гап бошлади таҳририятимизга келган онахон. — Қилган хатоларим бошқаларга сабоқ бўлишини хоҳладим. Менга ўхшаб кейин аттанг деб қолишмасин. Тақдиримдан асло нолимайман, ойнинг ёруғ томонини ҳам, қоронғи жиҳатини ҳам кўриш менга насиб этди…»



Ҳунармандлар оиласида дунёга келганим учун болалигимиздан ҳунар ўрганишга ҳаракат қилганмиз. Турмушга чиқаётганимда маҳаллада донғи кетган чеварга айлангандим. Янги оиламдагилар ҳунарли келинлари борлигидан хурсанд бўлишарди, қайнсингилларим, қайнонамга кўйлак тикиб беришдан чарчамасдим. Турмуш ўртоғим ҳарбий эди. Кетма-кет ўғил-қизли бўлдик. Болалар мактабга чиқишни бошлаган бир даврда эрим автоҳалокатга учраб вафот этди. Тушкунликка тушиб қолганимда, фарзандининг доғида куяётган қайнонам менга далда бўлди. Яхшиям, қўлимда ҳунарим бор экан, фарзандларимни қайнона-қайнотам, ота-онам ёрдамлари билан оёққа турғазиб олдим. Қизимни ўн тўққиз ёшга кириши билан узатиб юбордик. Бахтимга фарзандли бўлиб, оиласи билан тинч-тотув яшаб юрибди.

Ўғлим отасига ўхшаб олий маълумотли бўлишини жуда истардим, билим олишига шароит яратиш учун кечалари билан мижозларимнинг кийимларини тикардим. Умидларим руёбга чиқиб, ўғлим институтни аъло баҳоларга тамомлаб, ўша ернинг ўзида дарс беради деб, иш билан таъминлашди.

Қайнонамнинг узоқроқ қариндошларидан бирининг қизи одобли, кўҳликкина бўлиб вояга етган эди. У ҳам менга ўхшаб чевар эди. Ўғлимга бу ҳақда айтганимда рад жавобини бермади. Ўша куннинг ўзидаёқ уларникига совчиликка бордим. Тақдирининг қўшилгани рост эканми, тўй ҳам тезлашиб кетди. Уйимга келин эмас, фаришта кириб келгандек эди, гўё. Раҳматли келиним худди ҳаёлимдагиларни ўқигандек, ҳамма нарсани мен истагандек бажарарди. Меҳрибонлиги, тилининг ширинлиги ўғлимни бефарқ қолдирмади. Икковининг бир-бирига зимдан имлашини кўриб, шундай қувонардимки, асти қўяверасиз. Келиним менга ўз қизимдан ҳам яқинроқ инсонга, дардкашимга, меҳрибонимга айланганди.

Ширингина қизчанинг бувижониси бўлганимда, қувончим ичимга сиғмасди. Ризқли-насибали бўлсин деб, Насиба деб исм қўйдик. Уйимизнинг кичик фариштасига айланган Насибани еру кўкка ишонмай, папалаб катта қилдик. Набирам ҳаётимнинг шамчироғига айланди. Келиним баъзида «Уни қилма, буни қилма» деб боласини тергаса, уришса жаҳлим чиқиб кетарди. Насиба уч ёшдан ошганида келиним иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлди. Туғишига оз қолганида келинимнинг тоби бирдан қочди, даволатишга ҳаракат қилдик. Ой куни келиб, шифохонага борганимизда, шифокорлар болани кесерча кесиш йўли билан туғдиришни тавсия қилишди. Келиним қайсарлик қилиб, ўзим туғаман деди. Ярим соат ўтиб ўғил набирали бўлганимни, келинимдан эса айрилиб қолганимни билдим. Турган жойимда ҳушимдан кетибман…

Насиба онаси ёнида эмаслигидан жуда қайсар қизга айланганди. Чақалоқ эса тинмай йиғларди. Келинимни ерга қўйганимизга уч ой бўлганида икки болага қараш менга оғирлик қилаётганини сезган ўғлим, сизга ёрдамчи аёл олиб келаман, деди. Мен эса энага олиб келганингдан кўра, бир оқила аёлга уйлана қолсанг-чи, дедим. Ўғлим анчагача иккиланиб юрди. Қайнона-қайнотаси розилик берганидан сўнг қиз қидира бошладим. Бир йил турмуш қуриб, эри вафот этган бир жувонни топдик. Ота-онаси зиёли, қизнинг ўзи ҳам ойдеккина экан. Ўғлимга ҳам маъқул келганидан кейин кичикроқ даврада тўй қилдик.

Янги келинимга болаларни кўп ҳам ишонмасдим. У эса болаларни яхши кўрар, уларни мен олиб ётсам майлими, деб сўрарди. Кичик набирам уни ўз онаси деб билди. Насибам эса кўникишга бироз қийналдию, кейинроқ «Ойижоним» деб бўйнига осилиб, ўрганиб кетди.

Янги келиним бир йилдан сўнг ҳомиладор бўлди, ўғлим бундан бир хурсанд, бир хавотирга тушар, хотинини авайлашга ҳаракат қиларди. Бу вақтга келиб болалар ҳам катта бўлиб, шўхликлари кўпайди. Келиним иш қилаётганида Насибани олдига чақириб, унга кичик юмушларни бажартирарди. Бундан менинг жаҳлим чиқиб, ўзингизнинг ишингизни унга қилдиряпсизми деб койирдим. Назаримда, келиним болаларни турткилайдигандек эди.

Кунларнинг бирида Насибани келиним олдига чақириб, койиб кетди. Бақир-чақирни эшитиб, югуриб бордим. Келиним қўлида қандайдир қийтимларни кўтариб олганди. Набирам отасининг бўйинбоғи ва укасининг шимидан қўғирчоғига кўйлак тикаман деб қайчилаган экан.

— Шу майда-чуйда нарсаларга боламни уришяпсизми? Ўгай деб нуқул чиқиштирмайсиз. Қанчадан бери бу қилиқларингизга чидаяпман, бундан кейин ўгайлик қилишингизга йўл қўймайман. Кетинг уйимдан! — деб ҳомиладор келинимни ҳайдаб солдим.

Бу ишимга ўғлим индамади, лекин хотини ва болаларини ўйлаб сиқилаётгани сезилиб турарди. Бир ҳафта жаҳл билан юрдим. Энди ўйлаб қарасам, набираларимнинг онаси деб олиб келганимдан кейин унга болаларнинг тарбиясини ҳам ишониб топширишим керак экан… Она бўлганидан кейин койийди ҳам, эркалайди ҳам. Болаларга бирор марта қўл кўтармаган бўлса… Бекордан-бекорга болаларга зуғум ўтказмаяпти-ку. Бировнинг боласини “болам” деб қабул қилиш осон эмас, менинг келиним бағрикенг, меҳридарё аёл эканки, набираларимни суйиб, эркалади. Касал бўлса бошида парвона бўлди. Мен эса кап-катта аёл бўлиб бу нарсаларни вақтида тушунмадим, уни ўгайликда айбладим…

Катта набирам «Иккинчи ойижоним ҳам бизни ташлаб кетиб қолдилар. Бувижон, биз укам билан ёмон болалармизми?» деганидан кейингина кўзим очилди. Келинимдан сизнинг газетангиз орқали кечирим сўрамоқчиман. Уни албатта уйга қайтаришга ҳаракат қиламан…

Орзу ёзиб олди
Manba: Darakchi.uz

Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: