Главная » Hikoyalar » «Хилватдаги ожизалар қарғиши урди…»
«Хилватдаги ожизалар қарғиши урди…»

«Хилватдаги ожизалар қарғиши урди…»

  • Категории: Hikoyalar
  • Название: «Хилватдаги ожизалар қарғиши урди…»
  • Дата релиза: 22-12-16, 16:37
«Хилватдаги ожизалар қарғиши урди…»

Балки ўқувчилар орасида мени танийдиганлар чиқиб қолар. Чунки шу вақтгача неча-неча хотин-қизларнинг қарғишларига сабаб бўлганман. Бугун эса ўзимнинг ҳеч кимга айтмаган ножўя ишларим ҳақида сўзламоқчиман…

 

Мен туғилганимда отам “Ўғил фарзандли бўлдим, энди менинг ҳам давомчим бор”, деб роса қувонган экан. Уч қиздан кейин дунёга келганим учун исмимни Аллоҳга шукур бўлсин деб, Шукурилло деб қўйишибди. Ўғил фарзанд отанинг фахри, онанинг умиди бўлар экан.  Ота-онам менга ўзгача меҳр қўйишди. Қўлимга белкурак ушлаш тугул, совуқ сувга ҳам урдиришмасди, опаларим билан жанжаллашсам доим мени ҳимоя қилишарди. Шунинг учун ҳам ўзимни ҳаммадан кучли ҳис этардим. Кўча-кўйда ҳам доим бошим осмонда, мағрурланиб юрардим. 9-синфни зўрға тамомлагач, ўқимайман, деб туриб олдим. Отам мендан ранжиган бўлсалар ҳам тезда буни унутиб, бир новвойга шогирдликка берди. Аввал ҳечам пешонам терлаб нон топмаганим учун анча қийналдим. Икки ойдан сўнг отамнинг даккиларига қарамай шогирдликдан кетдим. Кейин отам яқин дўстининг дўконига сотувчиликка қўйди. Ҳисоб-китобни пухта қилмамадим, бунинг устига уч-тўрт сўмни ишлатганим учун узоқ ишлолмадим. Бундан буён ўзим хоҳлагандек ҳаёт кечиришга киришдим. Табиийки, отам менга кундалик харажатларим учун пул беришдан бош тортди. Ўз билганимдан қолмасам, ота демаслигимни айтиб, кўчага ҳайдади. Ёш эканман, ҳали олдимда қандай синовлар турганини тасаввур ҳам қилмай, уйдан кетдим.

Аввалига турли дўстларимнинг уйида тунадим. Уларнинг ота-онасига ёмон кўринсам ҳам бир дастурхонда овқатландим. Аммо истаган уйда уч кундан ортиқ меҳмон бўлолмас экансиз, гап-cўзлар жонга тегиб, яшаш жойимни ўзгартиравердим. Отам бир неча марта ялиниб келса ҳам, эртага бораман, индинга бораман, деб ваъда берардим, уйга қайтишни истамасдим. Бир куни мактабдаги дўстимни кўриб қолдим, унга яшашим учун уй кераклигини айтдим, озгина пул қарз бериб туришини илтимос қилдим. У бошқа таклифи борлигини айтиб қолди:

— Мен ҳозир бир акахоним билан квартирада яшаяпман. Уй аслида уники. Сени жон деб таклиф қиламан, эвазига бизга ёрдам берасан. Мениям иш билан таъминлаган, мана, еб-ичишимга уч-тўрт сўм топиб юрибман.

— Нима иш қилишим керак?

— Шуҳрат ака нима қил, деса ўшани қиласан. Тилингга ҳушёр бўлсанг, тил топишиб кетасан.

Ўшанда менга барибир эди. Яшашим учун жой, ейишим учун овқат тополсам, қизлар билан кинога тушиш-у чойхоналарда маишат қилиш учун чўнтагимда пул бўлса — бор-йўқ орзу-ҳавасим шулардан иборат эди. Шу ниятда ўғрилар гуруҳига қўшилдим. Ота-онам билан икки кун бўлсам, уч кун Шуҳрат аканинг хилватхонасида яшардим. Сўраган пулимни бергани учун ўша кезларда Шуҳрат акадан жуда миннатдор эдим.

Турли кўчаларда, ҳар хил инсонларни тунардик. Аввалига иш ўрганишим учун мени томошабин сифатида олиб боришарди, кейинчалик ўзимни мустақил ишга қўядиган бўлишди. Болали аёлларнинг бўйнидаги тилласи борми, қизларнинг қимматроқ сумкасими, хуллас, ҳеч нима назаримдан четда қолмасди.

Бир куни Шуҳрат ака менга ўғриликнинг сир-асрорларини ўргатаётиб шундай деди:

— Агар қўлга тушмай, тинчгина кунингни кўрмоқчи  бўлсанг, ожиза аёлларни тунагин. Улар сенга хеч нима қила олишмайди. Уларнинг кўзларига тик қарама. Ишингни бажаргин-у, туёғингни шиқиллат. Агар қўлга тушгудек бўлсанг, ҳеч қачон шерикларингни сотма.

Шу кундан бошлаб мен ўғриликни тузуккина касб қилиб олдим. Ишимни ниҳоятда хотиржам амалга оширардим. “Устозим” айтганидек шаҳар кўчаларида ёлғиз кетаётган аёлларни, қизларни қидириб, шеригим билан пайт пойлаб ишга киришардик. Дўстим рақами ечилган машинада туриб мени пойлар, мен эса югургилаганча “ўлжа”га отилиб, бўйнидаги тилласими, қўлидаги сумкасими, юлиб олиб, таниш машина томонга чопардим  ва у ердан қорамизни ўчирардик. Ортимиздан “дод” деб қолган аёлларни устидан кулиб, мазах қилардик, улар қанчалик қийналишса, биз шунча хурсанд бўлардик. “Ишлаб топган нон”имизни Шуҳрат акага берардик. У ҳамма йиғилган буюмларни сотиб, бизга ўз улушимизни берарди. Арзимас пулларга эга бўлсак ҳам негадир нолимасдик, балки осон пул топганимиз учун ҳаммасига рози бўлиб яшайверардик.

Бир куни ғалати воқеа бўлди. Ўшанда биринчи марта виждоним қийналиб, қилган ишимдан афсуслангандим. Ҳар доимгидек “ишлаш учун” кўчага чиқдим. Писта чақиб бир чеккада ўлжани пойладим, одамлар камайгач, бир аёлнинг изига тушдим. Онам қатори бу аёл қўлидаги сумкасини маҳкам ушлаб, шошмайгина кетиб борарди. Унга рўпарадан яқинлашдим. Қарама-қарши келган пайтимда тезлик билан аёлни туртиб, қўлидан сумкасини юлиб олдим. У менинг қаердан келиб қолганимни ҳам тушунмай, ён-атрофга қараб бақира кетди:

— Ҳой, мусулмонлар!.. Ёрдам беринг... Қани, қаерга кетдинг, уйинг куйгур?! Қаердасан!.. Топганинг яхшиликка буюрмасин, илоҳим... Аллоҳ жазоингни бергур.... Кўзим хиралиги каммиди менга, эй Худо…

Унинг охирги гапи юрагимга санчилгандек бўлди. Машинага зўрға етдим. Оёқларим биринчи марта қалтираб, қилган ишимдан жуда афсусландим. Ҳатто дўстим тўхтатиб қолмаганида сумкамни эгасига қайтармоқчи ҳам бўлдим. Анчагача ўша аёл кўз олдимдан кетмади. Шерикларим эса мени кўнгил бўшликда айблаб, мазах қилишарди.

Шу тариқа орадан йиллар ўтиб кетди. Ёшим ҳам анча улғайган. Бу йиллар мобайнида ишлаб топган пулларимга янги уй олдим, тагимда охирги русумда машина. Ишларим аъло даражада кетаётган пайтда Худойим бир синов билан синади. Мен Покиза исмли бокира, тарбияли, чиройли қизни севиб қолдим. У бутун ақлимни ўғирлаганди. Уйланиб, оила қуришни, болаларимни вояга етказишни истардим. Бироқ у менга турмушга чиқармикан? Мени фақат шу савол қийнарди. Аввалига рад этди. Тинч қўйишимни айтди. Ниятим жиддийлигини ва келажакда унга уйланишимни гапирганимда кўнгли сал юмшагандек бўлди ва гапларимни жимгина эшитди. Шундан сўнг биз тез-тез учрашадиган бўлдик. Энди мени ундан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмасди, қилаётган ишимни ҳам четга суриб қўйдим. Бир куни у менга ноқулай савол бериб, довдиратиб қўйди:

— Шукур ака, ўзи нима иш қиласиз? Ҳечам касбингиз ҳақида гапирмайсиз-а? Ёки бу пулларни отангиздан оласизми?

Тинмай сўзлайдиган тилларим шу пайт айланмай қолди. Жим туришдан фойда йўқ, шубҳаланиишини истамадим.

— Кичик бир бизнес. Дўконим бор, шуни юргизаман, - калламга келган  биринчи фикр шу бўлди.

У ишонди шекилли, бошқа бу ҳақда сўрамади. “Энди битта дўкон очмасам бўлмайди” деб ўйладим. Қўлингда маблағ бўлса ҳеч гап эмас экан, кўп ўтмай Покизага айтган дўконимни ишга туширдим. Энди аввалга ҳамкасбларим билан кам кўришадиган, бутун вақтимни Покиза ва янги бизнесимга бағишлайдиган бўлдим. Ўзимни яхши ўғилдек тутиб, ота-онам билан яшай бошладим. Яқинларим менинг ўзгариб, мулойим бўлиб қолганимдан хурсанд эди. Покизага совчи бўлиб боришди. Висол оқшомимиз катта тўйхонада ўтди.Биз бахтли турмуш кечира бошладик. Эски танишларим билан алоқани уздим. Аввалги қилган ишларим худди тушда бўлиб ўтгандек эди. Аёлим ҳам жуда пазанда, меҳрибон эди. Бир йил ўтмай у менга қиз фарзанд ҳадя этди. Қизимга ҳаётимнинг маликаси бўлсин, деб Малика деб исм  қўйдик. Қизим мактабда аъло баҳоларга ўқиди. Ягона кўзмунчоғимга шундай яхши тарбия бера олганимдан фахрланардим. Аммо бир куни бошимизга бахтсизлик тушди. Уй телефонимга нотаниш одам қўнғироқ қилиб, Тўлаганова Малика  шу ерда истиқомат қилишини сўради. Жавобимни эшитгач, Малика ҳозир шифохонада эканини, тезда етиб келишимни сўради. Маликамни кўча безорилари тунаб, қаршилик кўрсатгани учун дўппослаб кетишибди. Бу хабарни эшитиб юрагим тўхтаб қолаёзди. Ҳеч нарсани тушунмаган, ранги оқариб кетган хотинимни машинага ўтқазиб касалхонага олиб бордим. Касалхонада қизимни кўрдим-у, дод деб юборай дедим. Покиза эса ҳушидан кетди. Шифокорлар мураккаб операцияни амалга ошириш учун бизнинг розилигимиз кераклигини айтишди. Қизим бошидан қаттиқ зарба еган эди. Бир томондан эса терговчилар турли саволлар билан мурожат қилишарди. Шундай вазиятда ота-она “Қайси гуноҳим учун?” деган саволни ўзига беради. Мен эса ҳаммасини тушуниб турардим, ўзимни бурдалаб ташлагим келарди. Бир пайтнинг ўзида ҳам виждон азоби, ҳам фарзандимнинг дарду алами қийнар эди.

Жарроҳлик операцияси икки соат давом этди. Ниҳоят шифокор чиқди.

— Қизингизнинг ҳаётини сақлаб қолишга эришдик. Бош мия қаттиқ жисм билан уриш натижасида жароҳатланган. Кўзлари кўрмай қолиши мумкин. Ҳамма нарсага тайёр туриш керак.

Бутун умр қулоғим остида кўзи ожизнинг қарғиши жаранглаб турарди. Менга эмас, ҳаётимнинг ёлғизгина маъноси, ойдек қизим Маликамга қайтди. Қизимнинг умрини, келажагини хатоларим барбод қилди. Минг ҳаракат қилмайлик, бошқа фарзанд кўрмадик. Аёлларнинг заифалигидан фойдаланиб қон қақшатганларим учун жазоим шу бўлса керак. Шу кунгача қилган ишларимни ҳатто хотинимга ҳам айтмаганман. Бу даҳшатли сирим ич-этимни еб адо қиляпти. Сизларга ёзиб барча аёллардан истиғфор сўрамоқчиман. Пушаймондан энди фойда йўқ бўлса-да, тиз чўкиб айтаман, мени кечиринглар, азиз аёллар!                                                                  

Шукуриллонинг мактубини Зебинисо ҒИЁСОВА оққа кўчирди


Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: