Главная » Hikoyalar » Жаллод “Ота ўғил”
Жаллод “Ота ўғил”

Жаллод “Ота ўғил”

  • Категории: Hikoyalar
  • Название: Жаллод “Ота ўғил”
  • Дата релиза: 26-12-16, 22:21
Жаллод “Ота ўғил”

“Бировни калтакласанг, боплаб адабини бергин, токи иккинчи бор сенга рўбарў келишга қўрқсин”

Ўғлининг мактабда қилган майда безорилиги учун ўқитувчининг эътирози ва жарима тўлаши ҳақидаги хабарини эшитган Умарали “Каптива”сини юқори тезликда дарвозахонага ҳайдаб кирди-ю, аммо тормозни босишга кечикди. У итни орқа оёғи босиб мажақлаб юборди. Бу ҳолатдан фақатгина оиланинг кенжатой эркаси Жавоҳир ўзини йўқотмади. У ертўладан болтани олиб чиқди-да, бир зарб билан итнинг шалвираб қолган оёғини тиззасидан чопиб ташлади. Кейин итни бир амаллаб қопга солиб теракзорга тириклайин кўмиб келди.

— "Бировни калтакласанг, ўрнидан турмайдиган қилиб адабини бергин, токи иккинчи бор сенга рўбарў келишга қўрқсин", деб ўзингиз айтгансиз-ку, — “нима бўлди” дегандек, савол назари билан унга қараб турган отасига жавоб берди Жавоҳир.

—  Ҳа, ота ўғил, ақлингга қойил! – ўғлининг елкасига қоқди ота. – Келган бало шу итга урган бўлсин...

***

"Ҳар ким экканини ўради" деганларидек, худди шу тобда у сассиқ-алаф уруғини экиб, райҳону атиргуллар униб чиқишини кутаётганди...

Мактабни амал-тақал тамомлаган “ота ўғил” қурилиш коллежини ҳам бир амаллаб битирди.

Қурилишни озроқ ўрганган бу йигит якка тартибда уй қурадиган мижозларнинг ишончини тез қозонар, 5-6 кишилик гуруҳ тузиб, ишни жадал бошлаб юборарди. Аммо пулни олгач бу ерларда қайтиб қорасини кўрсатмасди.

ЭСКИ ТАНИШ
Жавоҳир ўзидан ёши анча катта, эски таниши Ҳабибулла билан пивохонада тасодифан учрашиб қолди.

— Жўва, ўшанда пулни олиб, “қуённи расмини чизворган” экансан, – ширакайф Ҳабибулла унинг ёқасидан олди. — Қурилишнинг эгаси бир ой бизни текинга эзиб ишлатди. Қани, ҳақимни чўз!

Пиёниста оғайниси билан ярашиш учун бир шиша ароқ етарли эканини яхши билган Жавоҳир, ўзи ҳам "чанқаб" турганлиги боис, шеригини ярим тунгача меҳмон қилди. Базми жамшид эртасига ҳам, индинига ҳам давом этди.

— Менга қара, Жўва, — деди сигарет тутатаркан Ҳабибулла, – сенга янги дазмол ва биллур стаканлар керакмасми, сотаман? Ўзимники. Пул керак, тушундингми? – деди столдаги деярли бўшаб қолган ароқ шишасига имо қилган шериги. —  Хотиним ва қизим икки кундан бери бозорда сотишолмаяпти.

— Айтаман, дадам сотиб олади, — деди Жавоҳир. — Эртага дала-ҳовлига олиб келишсин.

— Улар эртага эрталаб ёнимиздаги бозорча эшиги ёнида бўлишади, хотиним Викани танийсан, уни отангнинг олдига ўзинг бошлаб борасан, — деди Ҳабибулла.

Келишилган жойда уни кутиб турган Вика холани Жавоҳир узоқдан таниб олди. Вика эски таниши билан учрашгач, ёнидаги, кщринишидан ўсмир ёшдагиларга ўхшайдиган қизи Ойдин билан Жавоҳирни таништирди. Учаласи бу ердан унча узоқ бўлмаган Жавоҳирларнинг дала-ҳовлиси томон пиёда кетишди.

БЎЙДОҚОНА ҲАЁТ

Ота-онаси билан тез-тез аразлашиб турадиган Жавоҳир, асосан мана шу ерда бўйдоқона ҳаёт кечирарди. Икки қаватли бу ҳашаматли бинони отаси пули кўпайган пайтларида қурдирган бўлиб, ҳозир қаровсиз, анча нураб қолганди.

Дала ҳовлидаги боғни айланиб, у ердаги узумлардан тановвул қилгач:

— Энди кетайлик, ойи, — деди Ойдин ийманиб. 

Ўй-хаёли шу норасида қизни "тўри"га илинтириш билан банд бўлган Жавоҳир хушомадни жойига қўйиб деди:

— Сиз уйга бораверинг, Вика. Боя телефонда дадам келолмасликларини айтгандилар. "Нарсаларни ташлаб кетаверишсин, пулини эртага бераман", дедилар. Ичкарида ўзим деворга ишлаган нақшлар бор. Шуларни кўрсатаману, қизингизни ортингиздан жўнатиб юбораман. 

Она рози бўлиб, узум тўла халтани кўтарганча йўлга тушди.

ЖИРКАНЧ НИЯТГА ПАНД БЕРГАН ЧАҚИРИҚ

Қизни бинонинг иккинчи қаватига бошлаб чиққан Жавоҳир, наридан-бери нақшларни кўрсатди-да, уни деярли мажбурлаб стол атрофидаги курсига ўтқазди. Йигит қўшни хонага чиқиб кетгандан сўнг атрофни кўздан кечирган қиз, бурчакдаги кўрпалари бетартиб бўлиб ётган темир каравотни кўрди-ю, негадир юрагини ваҳима босди.

Бу вақт шайтоннинг гапига кириб, жирканч ниятини амалга ошириш учун ҳамма нарсага тайёр турган йигит, ошхона пичоғини кўтариб, қизнинг ёнига чиқди.

Худди шу вақт кутилмаганда ташқаридан таниш овоз эшитилди:

— Ойдин, юр қизим, кетдик...

Онасининг товушини эшитган қизга “жон” кириб, ўрнидан сакраб турди. Жавоҳир чапдастлик билан ҳозиргина қизнинг томоғига тиралиши лозим бўлган пичоқ билан дастурхондаги олманинг пўстлоғини арта бошлади.

Жавоҳир кўзлаган ниятига етолмай армонда қолди.

КЎНГИЛ СЕЗГАН НОХУШЛИК

Эртаси куни озроқ пулни ёнига солиб, Ҳабибулла билан ароқхўрлик қилиш учун унинг уйига келган Жавоҳир, ажойиб хушхабарни эшитиб, суюниб кетди.

—   Ошнангиз шаҳарда ишга жойлашди, энди фақат якшанба кунлари бўш бўлади, – деди Вика йигитни ичкарига таклиф қиларкан.

—   Дадам ҳалиги стаканлар билан дазмолнинг пулини берганди-я, ола келаман деб, ёдимдан чиқибди, — деди йигит.

Кейин бироз ўйланган киши бўлиб, қўшиб қўйди:

— Агар Ойдинни менга қўшиб юборсангиз, пулни бериб юборардим.

Йигит ва қиз кимсасиз уйнинг иккинчи қаватига кўтарилишди. Таниш хонага кирган Ойдин, аллақандай нохушликни сезгандек, орқасига тисланди. Аммо қочишга кеч бўлганди... Ор-номуси топталган ожиза қизни дарвозагача кузатиб қўйган Жавоҳир, деди:

— Воқеа тўғрисида бировга "чурқ" этадиган бўлсанг, сени ҳам, ота-онангни ҳам, барча оила аъзоларингни ҳам сўяман, тушундингми? Қасам ич!

Шу куниёқ жинояти фош бўлишидан қўрққан Жавоҳир, ишлаш баҳонасида Қозоғистонга қочиб кетди.

Орадан 8-9 ой ўтгач, "ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолган"лигига ишонч ҳосил қилган йигит яна шаҳарчага қайтиб келди.

УЙДАГИ “ЦИРК”

Кўнглига нима келса, шуни қилиб келган Жавоҳир, жинояти жазосиз қолганидан кейин босар-тусарини бутунлай унутди.

Куппа-кундуз куни у икки шиша ароқ ва бир шиша салқин ичимликни кўтариб, Викториянинг хонадонига кириб келди. Гарчи, олдиндан хабардор бўлса-да, Ҳабибулланинг бугун уйга келмаслигини эшитган меҳмон, шишаларни кўтариб, ёлғондакам кетишга отланганини кўрган уй бекаси, уни бир амаллаб қолишга кўндирди. 

Шу орада хонада пайдо бўлган Ойдин, онасига дугоналари билан сайр қилиб келишини айтиб, чиқиб кетди.

Анчага чўзилган базми жамшиддан тагидан қирқилган дарахтдек, ёнбошига "шилқ" этиб ағдарилган аёл уйқуга кетди. Уйга кириб онасининг аҳволини кўрган Ойдин онасига нима бўлганини тушунишга урингунича Жавоҳир ёлғондан гандираклаб бориб, кириш эшигини қулфлаб келди. Унинг қайтиб келаётганини кўрган қиз, қўрқиб кетди. Жавоҳирнинг мақсадининг англагач эса жон ҳолатда ўзини ҳимоя қилишга уринди. Азбаройи жаҳли чиққан Жавоҳир, қизнинг қўлларини қайириб, қўшни хона эшигигача судраб келди. Қиз сўнгги кучини йиғиб, йигитнинг қўлидан чиқди-да, ўзини онаси ётган жойга отди. У қўллари билан онасининг оёқларини қучоқлаб олди. Аммо онаси ичган ароқлари сабаб ҳали ҳам ўзига келмаганди.

— Цирк тугади, манжалақи! — хитоб қилди Жавоҳир ҳамон лабидан сизиб чиқаётган қонни енги билан артаркан. Сўнг қизнинг икки оёғини икки қўлтиғига қистириб, қўшни хонага судраб кетди. Йигит хонанинг чироғини ўчириб, эшигини беркитди...

Номуси топталган қиз бечора эрталабгача онасининг тепасида ўтириб, йиғлаб чиқди.

Тонг саҳарда кайфи тарқаб, уйғонган Вика, қизининг лаб-лунжи шишиб, кўзлари кўкарганини, қулоғида эса қон қотиб қолганини кўрди-ю, уни сўроққа тутди.

Боши қаттиқ лўқиллаётган она қизининг гапларини охиригача эшитмай, шиша тагидаги ярим пиёладан мўлроқ қолган ароқни "ютди"-ю, яна ўрнига йиқилди.

Шу воқеалардан кейин Жавоҳир яна ярим йилча вақт дом-дараксиз, қаёқларгадир йўқ бўлиб кетди...

УЗОҚ ТАНАФФУСДАН КЕЙИНГИ ТАШРИФ

Яна пайдо бўлганида эса икки шиша ароқни қўлтиқлаб Ҳабибулланикига отланди. Меҳмонга кўзи тушган Ойдин, ўзидан бир ёш кичик жияни Генани бошлаб, ташқарига чиқиб кетди.

Ароқни фақат иккита пиёлага қуйилганини кўрган Жавоҳир, уй эгасига савол назари билан қаради.

— Шифокорлар Викага ичишни бутунлай тақиқлаб қўйишди, — деди Ҳабибулла диван-каравотда ранги бир аҳволда ётган хотинини кўрсатиб. — Қайтага яхши бўлди, мазза қилиб ичамиз.

Бошда дўстона гаплашиб ўтирган "улфат"ларнинг овози иккинчи шиша яримлагандан сўнг баландлашди. Уй эгасининг мақтанчоқликлари меҳмоннинг нафсониятига тега бошлади.

— Қулоғимга лағмон осаверманг, Хаба, — деди йигит қўлини шеригига бигиз қилиб, — мен ёш бола эмасман.

— Менинг олдимда сен она сути оғзидан кетмаган гўдаксан, тушундингми? — ўрнидан турди гандираклаб Ҳабибулла. — Сен думбулвойга “лақабимни айтма”, деб огоҳлантирганман.

Шундан сўнг уй эгаси хотини ётган диван-каравот остига мўралаб, ниманидир излади. Ахтарган нарсасини тополмагач, қўшни хона эшигини очаркан, ғўлдиради:

— Сен думбулвойни жазолашим керак. Ҳукм ўқилди, шикоятга ўрин йўқ!

Вика билан гапга чалғиб қолган Жавоҳир, орқа томонидан Ҳабибулланинг қўлидаги темир бўлаги билан берган зарбасига чап бериб қолди. 

Ўрнидан турган йигит бир ҳамла билан Ҳабибулланинг қўлидаги темир бўлагини тортиб олди-да, унинг бошига туширди. Бошига яна икки-уч марта темир калтак тушганидан кейин тинмай бақириб-сўкинаётган эркакнинг овози ўчди.


Смс Шерлар
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
Ustozlarim sizlarga rahmat 2022
1 - OKTYABR O'QITUVCHILAR KUNI HAQIDA SHERLAR
Кетаман
Кетаман
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
KO'ZLARIMNI TARJIMA QILING
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Рахмат Онажон
Рахмат Онажон
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
YORIM BO'LING
YORIM BO'LING
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
O'jarliging jonga tegdi
O'jarliging jonga tegdi
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Yomg'irlar
Yomg'irlar
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Onajonim mehrizga to‘yib
Onajonim mehrizga to‘yib
ONALAR HAQIDA YANGI SHERLAR
Tanishgandik Bekatda
Tanishgandik Bekatda
SEVGI ROMANTIKA HAQIDA SHERLAR SMS
Логин:
Пароль: