«Жанжал сабаб фарзандимиз нобуд бўлди…»
- Категории: Hikoyalar
- Название: «Жанжал сабаб фарзандимиз нобуд бўлди…»
- Дата релиза: 22-12-16, 16:38
АМИР, 25 ёш.
Амир ёлғиз ўғил, опаси аллақачон турмуш қуриб кетган. Онаси ва хотини Зилола уйда ўтиришади. Йигит ҳар куни кечқурун ё онасидан, ё хотинидан дийдиё эшитади. Онаси меҳмон кутишни яхши кўради, бутун маҳалла кун давомида уларникига кириб-чиқиб юради. Зилола эса «домнинг қизлари»дан. Унинг учун бундай борди-келдидан фойда йўқдек. Хуллас, кун бўйи чиқиша олмаган қайнона-келин Амир ишдан қайтгач, бутун аламларини унга тўкиб-солишади. Бир куни ишдан чарчаб келди, ҳали малакаси кўп бўлмагани учун хатога йўл қўйган, дакки эшитганди. Доимгидек қайнона-келинлар “биринчи бўлиб ишонарли маълумот етказиш” пойгасини бошлашди. Аввалига она ўғли билан гаплашиб олишга улгурди: «Хотининг кетганингдан кейин телефонини кавлайверадиган одат чиқарди, пичирлашиб, кулишиб ҳаммомда гаплашиб ўтирибди!». Амир ғазаб билан ичкарига кирди, хотини йиғлаб, шишиб кетганди. Зилола уни кўриши биланоқ «Ойингиз телефонимни олиб қўйди, овқатимни атай тўкиб юборди», деб йиғлади. Амир «жонимга тегиб кетдинг ҳамманг» деб хотинига қўл кўтарди. Икки-уч тепкилагандан кейин яна алам билан ҳовлига чиқиб, «Ойи, телефон қани?» деб бақирди. Онаси қўрқиб телефонни берди. Амир уни деворга отиб чил-чил синдирди. Шу ҳолатда кўчага чиқиб кетди. Ўн дақиқадан кейин қўл телефонига онаси қўнғироқ қилди, титраб-қақшаб, «Ўғлим, келиннинг мазаси бўлмаяпти, етиб кел», деди. Келин шўрликнинг 4 ҳафталик ҳомиласи кўчиб қолган экан...
МУҲОКАМА: Қанийди, шу келингина оғирроқ бўлиб, Амирнинг севгисига ишониб, ўзига ортиқча баҳо бермасдан, ҳамма ҳолатни табиийдек қабул қилганида... Балки, бир йилдан бери интиқ кутаётган тўнғич фарзандидан жудо бўлмасди. Она ҳам мулоҳазали бўлиб ҳовлиқмаганида, тарбиянинг ерга урадиган усулидан фойдаланмаганида, Амирни бутун умр виждон азобига маҳкум қилган ҳаракатга мажбур этмасди. Бугун Амирга қийин, чунки онаси келиндан кечирим сўрамайман деяпти. Келиннинг ота-онаси эса бутун оилангиз билан келиб кечирим сўраб олиб кетсангиз, боради деган шарт қўйишган. Амир ишга боролмай, хотинининг тепасидан кетолмай ўтирибди. Онаси бўлган ишдан жуда сиқилса-да, худди ўғли онасини эмас, хотини танлагандек алам қилаяпти, ғурури ялиниб боришга йўл қўймаяпти...
ФАЛСАФА: Ҳамма йирик воқеаларнинг сабаблари ниҳоятда маиший ва кичик муаммолардан бошланади. Майда воқеаларни эркакнинг қулоғидан нари қилинг, йирик эркагингизнинг митти сабр косасини харсанг тошдан кўра ўша майда тошлар зич тўлдириб қўяди, тошиб кетиш тугул нақд ёрилади! Бу сабр косанинг синиқлари эса атрофдагиларни жароҳатлайди.