Орамиздаги арвоҳлар
- Категории: Qiziqarli faktlar
- Название: Орамиздаги арвоҳлар
- Дата релиза: 14-07-14, 18:12
Бу олам сирлари инсонларни доимо ҳайратга солиб келган. Кутилмаганда йўлларда пайдо бўладиган шарпа-машиналар мунтазам равишда одамлар ҳаётига хавф солиб келади. Улар шунчалик тезликда пайдо бўладики, йўлда кетаётган ҳайдовчилар нима қиларини билмай қоладилар. Бундан ташқари, атрофимизда пайдо бўлиб қоладиган арвоҳлар ҳам сирлигича қолиб кетмоқда. Мутахассислар бунинг сирини аниқлашга уринганлари билан аниқ бир тўхтамга келишолгани йўқ. ШАРПА АВТОБУС 1934 йилнинг 15 июнида Лондон шаҳрининг шимолий кўчаларидан бирида кутилмаганда катта йўлда тезлик билан келаётган автобус пайдо бўлади. Чироқлари ёниб турган автобус билан тўқнашмаслик учун қаршидан келаётган йигит машинасини бошқа томонга буради, ён томондаги машина билан тўқнашиб кетиш натижасида йигит ўша ердаёқ оламдан ўтади. Автобус эса қандай кутилмаганда пайдо бўлган бўлса, ана шундай тарзда ғойиб бўлади. Кўпчилик кўз ўнгида пайдо бўладиган бу автобус неча йиллардан буён айнан ўша кўчада тез-тез пайдо бўлиб туради ва ҳар сафар кимнингдир ҳаётига зомин бўлади. Лондоннинг бошқа бир кўчасида эса тез-тез юк машинаси пайдо бўлиб туради. Бу машина ҳам кўпчиликнинг умрига зомин бўлади. Мутахасссислар қанчалар текширишмасин, шарпа-машина кўздан йўқолгандан сўнг ўша ердан унинг ўтганлигини тасдиқловчи из топишолмайди. ПОЕЗДДАГИ АРВОҲ Буюк Британиядаги поездларнинг бирида қора кийинган арвоҳ кезади. Бу ҳақида жуда кўплаб йўловчилардан эшитгандан сўнг полковник Эварт бу гапларни текшириб кўришга ҳаракат қилади. У бир куни поездда кетаётганида бир оз ухлайди, кўзини очганда қаршисида ўтирган қора кўйлак кийиб олган аёлга кўзи тушади. Аёл ерга тикилган кўйи қандайдир қўшиқни хиргойи қилар, гўёки боласини ухлатаётгандай эди. Лекин унинг тиззасида ҳеч нарса кўринмасди. Кутилмаганда поезд нимагадир урилади, полковник Эвартнинг бошига тепа қаватдаги чамадон тушиб ҳушини йўқотади. Кўзини очганда эса аёл ҳамон хиргойи қиларди. Эварт нима сабабдан поезд тўхтаганлигини, халокат нечоғли эканлигини аниқлаш учун ташқарига чиқади. Қайтиб купега кирганда эса аёл йўқ эди. Эварт қанчалар изламасин уни тополмайди. Вагондагилардан суриштиради, улар ҳам аёлни кўришганини, лекин қаерга кетганлигини билишмаслигини айтишади. Эварт бу аёлга қизиқиб қолади. Суриштирувлар натижасида бундан анча йиллар илгари лондонлик аёл эри билан саёҳатга чиққанлигини, турмуш ўртоғи поезддан бошини чиқариб кетаётганда йўлдаги сим унинг бошини учириб кетганлигини, аёл эса бошсиз танани тиззасига қўйганча ақлдан озиб хиргойи қила бошлаганлигини гапириб беришади. Орадан қанча йиллар ўтган бўлишига қарамасдан қора либосли аёл айнан мана шу йўналишда бот-бот пайдо бўлади. У кўзга ташланганда эса поездда қандайдир бир фалокат бўлади. ВОКЗАЛДАГИ БОЛАКАЙ Лондон вокзалининг юк ташувчилар хонасида тез-тез ит етаклаган киши пайдо бўлиб туради. Бундан бир неча йиллар илгари бу киши ўзини поезднинг тагига ташлаб оламдан ўтган. У оилавий можаролардан безиб жонига қасд қилганди. Шундан сўнг унинг арвоҳи вокзал кезадиган бўлиб қолди. Ҳаттоки бир куни арвоҳнинг ити юк ташувчини тишлаб ҳам олади. Бунга асосий сабабчи юк ташувчи эди. У хонага кириб келганда ичкаридан ит етаклаб чиқиб келаётган кишига дуч келади. Юк ташувчи йигит хонада ҳеч ким йўқлигини, аввал ҳам ит етаклаган арвоҳни кўргани учун қўлидаги ёғоч билан уни урмоқчи бўлади. Шунда арвоҳнинг ити унга ташланади. Яна бир болакайнинг арвоҳи ҳам вокзал ёнидаги кўприк остида кезади. У доимо кўзда ёш билан ўтиради. Баъзан эса ўзи кўринмайди, унинг йиғлаётган овози эшитилиб туради. Анча йиллар илгари болакайнинг отаси сайр қилиб юрганда ўғлини кўприкдан улоқтирган. Кўпчиликнинг кўз ўнгида содир бўлган воқеадан сўнг маҳкама отани ўлим жазосига ҳукм қилади. ҚОРА КИЙИМДАГИ АРВОҲ Хитроу аэропортида қора костюм-шим кийиб олган киши кезади. 1948 йилда Бельгиядан учиб келган самолёт аэропортда ҳалокатга юз тутади. Унинг ичида бўлган 22 нафар йўловчилар ҳалок бўлишади. Қутқарувчилар парчаланиб кетган самолётни текшираётганларида самолёт қолдиқлари орасидан қора костюм-шимдаги эркак чиқиб келади. Энг қизиғи, унинг биронта жойи ҳам лат емаганди. Киши қутқарувчиларга яқинлашиб: "Менинг ҳужжатлар солинган папкамни кўрмадингларми? У менга жуда ҳам керак эди”, дея ахтара бошлайди. Атрофдаги манзарага эса ҳеч қандай аҳамият бермайди. Қутқарувчилар самолёт қолдиқлари орасида уст-бошига бирон нима юқмаган кишини кўриб ҳайратдан ёқа ушлаб қолишади. Киши эса гўёки ҳеч нарса бўлмагандай аэропорт биноси томон ўтиб кетади. Мана шу воқеадан кейин унинг арвоҳини жуда кўп учратишади. Дунёнинг исталган бурчагида бундай арвоҳларни учратиш мумкин. Улар баъзида маълум бир вақтларда пайдо бўлишади. Масалан, Огайо штатида ҳар йилнинг 21 мартида боши йўқ йигит мотоциклда катта йўлдан ўтади. У иккинчи жаҳон урушидан қайтгандан сўнг айнан шу кўчада 21 март куни автоҳалокатга учраб оламдан ўтган экан.
Смс Шерлар